Самарқандда бу йил 88 минг нафардан кўпроқ бола 1-синфга боради

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2023-2024-ўқув йили бошланиши муносабати билан мактабгача таълим ташкилотларида "Салом, боғча", мактабларда "Биринчи қўнғироқ", "Мустақиллик дарси" тадбирларини ўтказиш бўйича тавсия ҳамда намунавий сценарий ишлаб чиқилди.

Хусусан, жорий йилнинг 4-5 сентябрь кунлари мактабгача таълим ташкилотларида "Ўзбекистон - менинг Ватаним" мавзусида очиқ машғулотлар ташкил этилади.

Умумий ўрта таълим мактабларида 4 сентябрь куни соат 8:00 да "Биринчи қўнғироқ" тадбирлари “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” шиори остида ўтказилади.

Вилоятда 1262 та умумтаълим мактаби, 36 та нодавлат таълим муассасаси, 1 та бошқа вазирлик тасарруфидаги мактаб мавжуд. Янги ўқув йилида ушбу мактабларнинг 1-синфига 88 минг 533 нафар ўқувчи қабул қилиниши кўзда тутилган. Айни кунгача 81 минг 926 нафар бола мактабларнинг бошланғич синфларига қабул қилинган. Бугунгача adm.maktab.uz платформаси орқали рўйхатдан ўтган 1-синф ўқувчиларига "Президент совғалари" тўлиқ етказиб берилди.

Жараёнлар давом этмоқда.