Самарқандда энди 7 жойда хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириш мумкин

Жорий йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқароларига 10 йил муддатга, вояга етмаганлар учун 5 йил муддатга хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштирилиши йўлга қўйилган.

Самарқанд вилоятида яшовчи фуқаролар ҳам шу пайтгача вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда Тойлоқ туманидаги бўлим орқали хорижга чиқиш биометрик паспортини олаётган эди. Бу эса ушбу масканларда навбатнинг кўпайиб кетишига сабаб бўлаётганди.

Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизматининг хабар беришича, Республика ИИВ Тергов департаменти раҳбарияти ташаббуси билан эндиликда вилоятнинг яна беш шаҳар, туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш учун мўлжалланган ускуналар келтирилиб, ушбу хизмат йўлга қўйилди.

Энди Самарқанд шаҳар аҳолиси Самарқанд шаҳрида;

Самарқанд тумани аҳолиси туманнинг ўзида;

Пайариқ, Иштихон, Қўшработ ва Оқдарё туманлари аҳолиси Пайариқ туманида;

Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманлари аҳолиси Каттақўрғон шаҳрида;

Тойлоқ, Жомбой ва Булунғур туманлари аҳолиси Тойлоқ туманида;

Ургут тумани аҳолиси шу туманнинг ўзида;

Паст Дарғом, Нуробод туманлари аҳолиси вилоят ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида хорижга чиқиш биометрик паспортини олишлари мумкин.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари дам олиш кунисиз, эрталаб соат 08.00 дан кеч соат 21.00 га кадар биометрик паспорт олиш учун мурожаат қилган фуқароларга хизмат кўрсатади.

Соҳага тегишли яна бир янгилик – энди хорижга чикиш паспортини олмоқчи бўлган фуқаролардан ариза анкеталарига иш жойидан ва маҳалладан муҳр бостириш талаб этилмайди, фуқаролик паспортларини тақдим этсалар кифоя.