Самарқандда фермер хўжаликлари кўп тармоқлига айлантирилади

2021 йилда Самарқанд вилоятида кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш дастури доирасида 1 минг 325 та фермер хўжалиги 20 та йўналиш бўйича кўп тармоқли фаолиятни бошлайди ва 1 минг 359 та лойиҳа амалга оширилади.

Жумладан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 2 минг 338 гектар майдонда интенсив боғ, 2 минг 783 гектар майдонда янги токзор ва  38,9 гектар майдонда иссиқхоналар барпо этилиши, 15 та мева-сабзавот, сут ва гўшт маҳсулотларини, 4 та нон ва нон маҳсулотлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, 28 та фермер хўжаликларида совуткичли омборхоналар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, 132 фермер хўжалигида қорамолчилик ва паррандачилик, 79 фермер хўжалигида балиқчилик ва асаларичилик, 57 фермер хўжалигида қўйчилик ва эчкичилик, 207 фермер хўжалигида қулупнайчилик ҳамда 373 фермер хўжалигида сервис хизматлари бўйича лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланган.

Акбар НОРҚЎЗИЕВ,
Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши вилоят бўлими раиси.