Самарқандда ишдан бўшатилган ички ишлар органи ходими вазифасига тикланиб, мажбурий иш қолдирган кунлари учун иш ҳақи ундириб берилди

Шерхон Жамилов (исм, фамилиялар ўзгартирилган) 2006 йилда Ўзбекистон Республикаси ИИВ академиясининг сержантлар таркибини тайёрлаш бўйича олий курсини тамомлаб, Самарқанд вилояти ИИБ ППХБ махсус отряд инспектори лавозимига ишга тайинланди.

У 2019 йил 7 февралда раҳбарият топшириғини бажараёт вақтда, шахсий автомашинасида йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юбориб, унга оғир тан жароҳати етказади. Оқибатда Ш.Жамиловга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилади. Иш якуни бўйича икки томон ярашганлиги, жабрланувчининг унга нисбатан ҳеч қандай даъво ва аризаси мавжуд бўлмаганлиги сабабли суднинг ажрими билан жиноят иши юритувдан тугатилади.

Бироқ бу орада бошқарманинг кадрлар бўлими ходими Шерхон Жамиловни 2019 йил 10 майда чақириб, 6 майдан ишдан бўшаганлигини айтади. Шундан сўнг ишга қайта тиклаш учун қилган ҳаракатлари самара бермаганлиги ҳамда ИИБ томонидан ишга тиклаш масаласида фуқаролик судига мурожаат этишлиги лозимлиги тушунтирилгач, Ш.Жамилов фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судига даъво қўзғатади.

Бироқ фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарори билан унинг даъвоси рад этилади ва қарордан норози бўлиб, апелляция шикояти беради.

Апелляция инстанция суди вилоят ИИБнинг ғайриқонуний буйруғига назар солиб, “Ўзбекистон Республикаси ИИОларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низом”нинг 144-банди “л” банди (жинояти учун суднинг ҳукми, ажрими, қарори қонуний кучга кирганидан кейин ҳукм қилинганлиги)га асосан Шерхон Жамилов ишлаб келган вазифасидан озод этилиб, Ўзбекистон Республикаси ИИОларида хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низомга мувофиқ ички ишлар органлари хизматидан “Қуролли кучлар резервига” бўшатилганлиги, мазкур буйруқ чиқарилишида ЖИБ Самарқанд шаҳар судининг ажрими ва Шерхон Жамилов раҳбарияти томонидан юборилган тақдимнома асос қилиб олинганлигига ҳуқуқий баҳо берди.

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишда асосланган Низом бандига кўра, Ш.Жамиловнинг жинояти учун суднинг ажрими қонуний кучга кирганидан кейин ҳукм қилинганлиги ёки жазо қўлланилганлиги ҳолати мавжуд эмас. Шерхон Жамилов судланмаган ҳисобланади ва судланмаган шахслар ички ишлар органларида хизмат қилиши мумкин.

Шулардан келиб чиққан ҳолда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди апелляция инстанциясининг ажрими билан фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг ҳал қилув қарори бекор қилинди.

Самарқанд вилояти ИИБнинг буйруғини ғайриқонуний деб топилиб, бекор қилиниб, даъвогар Ш.Жамилов вилоят ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бўлинмалари патруль-пост хизмати батальони хизматни ташкиллаштириш гуруҳи инспектори катта сержанти хизматига ишга тикланди.

Шерхон Жамилов фойдасига жавобгар Самарқанд вилояти ИИБдан мажбурий иш қолдирган кунлари учун иш ҳақи ундирилди.

Б.ХУДАЙБЕРГАНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси.