Самарқандда жами 366 та автобус ўз йўналишларида ҳаракат қилишни бошлайди
Республика маxсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 8 июнидан "сариқ" ва "яшил" ҳудудларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатларига руxсат берилди.
Жумладан, «қизил» ҳудудлар сирасига кирган Ургут, Паст Дарғом ва Пайариқ туманларидан бошқа вилоятнинг барча шаҳар ва туманларда жамоат транспорти фаолияти қайта тикланди.
- Вилоят бўйича «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда фаолият юритадиган 147 та жамоат транспорти йўналишлари бўлиб, ҳозирча улардан 122 тасига хизмат кўрсатишга рухсат берилди, - дейди вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Жўрабек Қоржавов. – Мазкур йўналишлардаги автобусларнинг 30 фоизи, яъни 366 таси ўз йўналишида аҳолига йўловчи ташаш хизмати кўрсатишни бошлайди. Шунингдек, Самарқанд шаҳри "қизил" ҳудуддан "сариқ" ҳудудга ўзгартирилгани сабабли автотранспорт воситалари (стикерсиз), мототранспорт (скутер) ва велосипед ҳаракатига 06:00 дан 22:00 га қадар ҳаракатланишга рухсат берилди.
Автобусда йўловчи ташишда қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилиш талаб этилади:
- автокорxона томонидан транспорт воситасини ҳар бир қатнов олдидан ва оxирги бекатда, шунингдек, автошоҳбекатларда тўлиқ дезинфекция қилиш;
- ҳайдовчиларни тиббий ниқоб ва қўлқоплар билан таъминлаш ҳамда уларни мунтазам равишда ўз вақтида алмаштириб бориш чораларини кўриш;
- автобус салонига фақатгина тиббий ниқобдаги йўловчиларни киритиш.
Йўналишсиз таксилар:
- йўловчи ташиш учун автотранспорт воситаси салонида ҳайдовчи ўриндиғи йўловчилар ўриндиғидан шаффоф пластик ёки махсус плёнка билан тўсилиши;
- барча йўловчилар тиббий ниқобда бўлиши (тиббий ниқобсиз йўловчини ташиш тақиқланади);
- йўловчиларни автотранспорт воситаси салонининг орқа ўриндиғига ўтказилиши;
- автотранспорт воситаси фақат давлат рўйхатидан ўтказилган ҳудудда ҳаракатланиши;
- ҳайдовчи махсус комбинизонда тиббий ниқоб ва қўлқопда бўлиши шарт;
- автомобиль техник кўрикдан, ҳайдовчи тиббий кўрикдан ўтган бўлиши шарт.
Шу билан биргаликда санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилиши лозим.
Вилоят транспорт бошқармасининг мутахассислари ушбу талабларга риоя этилишини назорат қилиб боради. Йўловчилардан эса карантин талабларига қатъий амал қилиш ва ижтимоий масофани сақлаш сўралади. Жамоат транспортида карантин талабларини бузиш тегишли маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳри, Самарқанд, Оқдарё, Тойлоқ, Жомбой туманлари “сариқ”, Каттақўрғон шаҳар, Пахтачи, Нарпай, Нуробод, Каттақўрғон, Иштихон, Булунғур, Қўшработ туманлари “яшил”, Пастдарғом, Пайариқ, Ургут туманлари эса “қизил” тоифадаги ҳудудлар ҳисобланади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.