Самарқандда коронавирусга шубҳа бўлганларни ётқизиш учун шифохоналарда 95 та ўрин ташкил этилди

Касалликнинг четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида  вилоятдаги иккита санитария назорат пунктлари ишини кўчайтириш тадбирлари амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги халқаро аэропорт ва Ургут туманидаги “Жартепа” санитария-назорат пунктларидан ўтган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бу санитария-назорат пунктларида кечаю-кундуз иш ташкил этилган. Хавфли юқумли касалликларга гумон қилинганда 2 тадан намуналар олиш жамланмаси, шахсий профилактика учун дори-дармонлар захираси, 9 та махсус ҳимоя кийимлари жамланмаси, йўловчиларнинг тана ҳароратини ўлчаш учун контактсиз термометрлар билан таъминланди ва аэропорт санитария-назорат пункти дистанцион тепловизор билан жиҳозланган.

Ҳозирги кунга қадар вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ходимлари томонидан жойларда семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Жумладан, яқинда Самарқанд халқаро аэропорти ва Ургут туманидаги “Жартепа” назорат-ўтказиш пунктлари ходимлари ўртасида, вилоят даволаш профилактика муассасалари, шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмалари бош врачлари иштирокида “Вилоятда грипп, ўткир респиратор инфекциялар бўйича 2019-2020 йиллар мавсуми давомида аҳоли ўртасида эпидемиологик барқарорликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кучайтириш ҳамда коронавирус инфекциясининг четдан кириб келишининг олдини олиш тўғрисида” семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди.

Захира ўринлар ташкил этилди

Эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб, фавқулодда вазият юзага келганда инфекциянинг тарқалишига йўл қўймаслик, ўтказилаётган профилактик тадбирларни мувофиқлаштириш масаласида тегишли ҳуқуқий асослар билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик марказларида ҳамда ҳар бир шахар, туман тиббиёт бирлашмаларида жами 18 та штаблар ташкил этилди. Беморлар аниқланганда тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун Самарқанд шаҳрида 3 та, шахар ва туманларда 1 тадан, жами 18 та махсус тез тиббий ёрдам кўрсатиш  бригадалари ташкил этилди. Беморларни ётқизиб даволаш учун вилоятда 95 та, жумладан, республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида 5 та, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида 5 та, вилоят Перинатал марказида 5 та, шаҳар ва туманларда 5 тадан, жами 80 та захира ўринлари ажратилди. Бугунги кунда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораториясида грипп ва ўткир респиратор вирус инфекциялари (ЎРВИ)нинг диагностикаси йўлга қўйилган бўлиб, 4 турдаги грипп ва 7 турдаги ЎРВИни аниқлаш имкони мавжуд.

Олдини олиш

Нафақат коронавирус, балки грипп ва ЎРВИнинг олдини олиш учун қуйидагиларни тавсия этамиз:

* Қўлларни совунлаб ювиш ёки спиртли асосдаги антисептиклар билан артишни;

* Тана ҳарорати кўтарилганда, грипп ва ЎРВИ билан оғриганда участка тиббий ходимига албатта, мурожаат қилиш ҳамда касалликни бошқаларга юқтирмаслик учун ниқоб тақишни;

* Йўталганда, аксирганда оғзини даструмол билан ёпишни;

* Хоналарни тез-тез шамоллатиш ва дезинфекцияловчи моддаларни қўшиб намли тозалашни ўтказишни;

* Жамоат транспортларини сменага чиқишдан олдин ва тугагач, дезинфекция қилишни;

* Грипп ва ЎРВИ билан оғриган беморлар билан мулоқотда бўлганларни 14 кун тиббий кузатувга олиш.

Ўктам ҒАНИЕВ,

вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази штаб бошлиғи.