Самарқандда маҳоратли касб эгалари сараланяпти
Хабар қилганимиздек, Самарқандда 29-31 январь кунлари “Worldskills Samarkand-2025” V Миллий касблар чемпионати ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида чемпионатнинг очилиш маросими ўтказилди.
Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг биринчи ўринбосари Шоҳруҳ Далиев, Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциацияси бошқарув раиси Фаррухжон Жўраев, Швейцариянинг Ўзбекистонда касбий таълим ислоҳотларини қўллаб-қувватлаш лойиҳаси раҳбари Симоне Страсбургер ва бошқалар сўзга чиқиб, иштирокчиларга муваффақият тилади.
Шунингдек, 2022 йилнинг октябрь ойида Франциянинг Бордо шаҳрида бўлиб ўтган 46-Халқаро Worldskills чемпионати ғолиби Акбар Абдураҳимов сўзга чиқиб, иштирокчиларга омад тилади ва халқаро майдондаги муваффақиятларни давом эттириш лозимлигини таъкидлади.
“WorldSkills” мусобақаси илк бор 1947 йилда Испанияда Иккинчи жаҳон уруши натижасида вайрон бўлган давлатларнинг айримларида ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш мақсадида ташкил этилган. Ишчи касблар бўйича жаҳон чемпионати ҳар икки йилда бир марта ўтказилади ва “ишчилар учун олимпиада” деб ҳам номланади. Унда 22 ёшгача бўлган йигит-қизлар иштирок этади.
“Worldskills Samarkand-2025” V Миллий касблар чемпионатида юртимиздаги 66 та техникумнинг энг моҳир ўқувчилари иштирок этмоқда. Мақсад энг маҳоратли мутахассисларни рағбатлантириш ҳамда жорий йилнинг 23-27 ноябрь кунлари Тайванда ташкил этиладиган “WorldSkills Asia Competition Taipei 2025” халқаро касблар чемпионатида иштирок этадиган иштирокчини аниқлашдан иборат.
Очилиш маросими концерт дастури билан давом этди.