Самарқандда маст фуқаро ички ишлар ходимлари фаолиятига асоссиз аралашди

Ижтимоий тармоқларда “Самарқандда ИИБ ходимлари ва фуқаролар ўртасида жанжал содир бўлди” сарлавҳаси остида тарқалган видео юзасидан Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, 2021 йилнинг 5 сентябрь куни соат 23:45лар атрофида Самарқанд шаҳар Гўрўғли кўчасида тунги хизматни олиб бораётган ҳодимлар ёнига, шу кўчада яшовчи, 1982 йилда туғилган Д.Муҳиддин маст ҳолатда келиб, ҳеч бир сабабсиз бақир-чақир қилиб, жамиятда ўрнатилган тартиб қоидаларни қасддан менсимай, ИИБ ходимларининг қонуний фаолиятига аралашган.

Фуқарони яқин орадаги ИИБга олиб бориш давомида, у ходимларга фаол қаршилик кўрсатган. Ҳолатга Д.Муҳиддиннинг яқинлари ҳам қўшилиб уни қўйворишларини сўраган.

Ҳолат қонуний тартибда расмийлаштирилиб, Д.Муҳиддинга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддалари билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Фуқаронинг ҳаракатларига нисбатан суд органлари томонидан якуний қарор қабул қилинади.