Самарқандда Наврўз байрами тадбирлари қаерларда ўтказилади?

Бу йилги Наврўз байрамининг асосий тадбирлари 20 март куни Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи ва “Мўъжиза” амфитеатрида ўтказилади.
19 март куни байрам тантаналари Қорасув массивида ҳам ташкил этилади.
Байрамда янги саҳна кўринишлари, шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналари, санъаткорларнинг Ватан, табиат, ёшлик ва гўзаллик ҳақидаги янги қўшиқлари, халқ оғзаки ижоди, ансамблларининг чиқишлари, аския санъати ижодкорларининг замонавий ижод маҳсуллари намойиш этилади.
Тадбирлар Алишер Навоий номли кўча, Регистон майдони, Университет хиёбони ҳамда шаҳар марказидаги бошқа диққатга сазовор жойларда ҳам давом этади. Шунингдек, вилоятдаги маҳаллалар, таълим муассасасаларининг кўргазмали чиқишлари, тадбиркор ва ҳунармадлар томонидан ярмаркалар ташкил этилиб, халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари ташкил этилади.
Танлов ва мусобақаларда фаол иштирок этганлар ва ғолиблар рағбатлантирилиб, энг муносиб ҳудуд тажрибаси оммалаштирилади.
Туман ва шаҳарларда 16-19 март кунлари Наврўз халқ сайиллари тарзида кенг нишонланади.