Самарқандда нечта корхонанинг солиқдан қарзи бор?

Солиқларнинг ўз вақтида тўланиши бюджет барқарорлиги ва иқтисодий тараққиётга қўшилган ҳисса бўлади. Лекин ушбу бурчга эътиборсизлик билан қарайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ҳам бор. Бугунги кунда Самарқанд вилоятида нечта корхонанинг бюджет олдидаги солиқ қарзи мавжуд?

– Айни пайтгача вилоят бўйича 16 113 корхонанинг 100 миллиард 614 миллион 400 минг сўм солиқ қарзи мавжуд, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси Солиқ қарзини ундиришни ташкил қилиш бўлими давлат солиқ бош инспектори Мирали Мамазияев. – Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 20 июлдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан 13 135 та корхонанинг 64 миллиард 181 миллион 500 минг сўмлик солиқ қарзини ундириш жорий йилнинг 31 декабригача тўхтатилганини таъкидлаш жоиз. Бугунги кунгача 3 478 та хўжалик юритувчи субъектнинг 15 миллиард 859 миллион 200 минг сўмлик қарзи ундирилди.

Қарздорликни узишга ҳаракат қилаётган корхоналар ҳам йўқ эмас. Масалан, Каттақўрғон туманидаги “Omad start” масъулияти чекланган жамиятининг бюджет олдидаги қарзи 353 миллион 184 минг 524 сўмга етган эди. Амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида корхонанинг солиқ қарздорлиги тўлиқ ундирилди.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.