Самарқандда нега IT-парк йўқ?

2020 йил 25 январда Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Электрон ҳукумат” тизимини, амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳаларни танқидий қайта кўриб чиқиб, барча ташкилий ва институционал масалаларни комплекс ҳал этиш зарурлиги ҳақида тўхталганди. Тошкент шаҳрида замонавий инфратузилмага эга бўлган IT-парк барпо этилаётганини айтиб, бундай IT-парклар Нукус, Бухоро, Наманган, Гулистон ва Урганч шаҳарларида, шунингдек, Самарқандда ҳам ташкил этилишини таъкидлаганди.
Давлат раҳбари айтган IT-парк Самарқандда қачон ишга тушади? Бу саволга мутасаддилардан аниқ жавоб ололмадик.
Биргина, вилоят ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси маълумотига кўра, дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технопарки (IT park)нинг ҳудудий филиалини ташкил этиш бўйича Самарқанд шаҳри Амир Темур кўчасидаги 2 қаватли бинода “NET SERVICE BEST GROUP” масъулияти чекланган жамияти томонидан таъмирлаш ва қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилмоқда.
Мақолани тайёрлаш жараёнида яна бир қизиқ маълумотга дуч келдик. Давлатимиз раҳбари 2019 йил январь ойида Самарқандга ташриф буюриб, фаоллар билан учрашганда ҳам бу ҳақда сўз юритилган экан. Хусусан, ўша йиғилишда Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида ёшларнинг замонавий интеллектуал билимларини янада ошириш мақсадида IT-марказ ташкил этиш ҳақида топшириқ берилган. Бунинг учун 1 миллиард сўм ажратиш белгиланган.
Қизиғи шундаки, ушбу топшириқни ижро этиш муддати 2019 йил 30 июнь этиб белгиланган. Мана, 2020 йилнинг шу санаси ўтганига ҳам 6 ой бўляпти. Аммо самарқандлик ёшларнинг ахборот технологияларини чуқур ўрганиши, замонавий илм эгаллашлари учун марказ ташкил этилгани йўқ.
Савол туғилади, давлат раҳбарининг тегишли ҳужжатлари бўлишига қарамасдан, бу иш нега ортга сурилмоқда?
Тўлқин СИДДИҚОВ.