Самарқандда ўқувчи мактаб ҳовлисида мол боқиб юргани, айрим директорлар эса мактабдан қадамини "узгани" аниқланди

Хабарингиз бор, Халқ таълими вазирлигининг ташаббуси билан бир гуруҳ фидойи ўқитувчилар ўқувчилар учун онлайн дарсларни тасвирга олиш йўлида бор имкониятини сафарбар этяпти.

Аммо Самарқанд вилоятидаги айрим мактабларда карантин тадбирларини ташкил этиш, ўқувчиларнинг онлайн дарс олишларини масофадан жорий этиш, ўқитувчилар фаолиятини назорат қилиш вазифаси юклатилган баъзи директорларимиз хотиржамликка берилиб, мактабдан қадамини узди. Уларга масъулият, ўз касбига бўлган фидойилик, ўқувчи тақдирига алоқадорлик тушунчалари бегона эканлиги маълум бўлди.

Масалан, 4 апрель куни Паст Дарғом туманидаги 3-умумтаълим мактабига борганимизда кириш дарвозалари қулфлигига гувоҳ бўлдик. Аммо ичкарида 4-5 нафар вояга етмаган болалар қоровулхонада ўтирибди, қўлида тўп. Яна 1 нафари эса мактаб ҳовлисида мол боқиб юрибди.

Қоровулхона деворига кўзбўямачилик қилиб, мактаб директори ва унинг ўринбосарларидан иборат навбатчилик жадвали ҳам осиб қўйилган. Бироқ ўша навбатчидан ҳам, қоровулдан ҳам дарак йўқ. Қисқасини айтганда, мактаб эгасиз ва назоратсиз қолган.

Болалардан сўраб, улардан бири қоровулнинг фарзанди эканини билдик ва қоровулни уйидан чақиртириб олдик. Қоровулнинг айтишича, мактаб директори 30 мартдан бошлаб бир кун ҳам мактабга келмаган. Мактабни тоза-озода сақлаш, хўжалик ишлари ўринбосари, қоровул ва бошқа масъул ходимларнинг ишини айни карантин даврида мувофиқлаштириб, берилаётган тезкор топшириқларга кўра иш олиб бориш, дезинфекциялаш ишларига бош-қош бўлиб турадиган директорнинг бу ишини қандай тушуниш мумкин? Яна уйида ўтириб, дарсини тайёрлаши керак бўлган ўқувчиларнинг кўча-кўйда, айнан мактабда бемалол, бемақсад юрганини бу каби лоқайд директорлар нима билан изоҳлайди? Олиб борилаётган карантин ишларидан нима наф унда?

Бу биргина ҳолат эмас. Яна шу тумандаги 28-ИДУМ директори телеграм орқали ҳеч қандай асосга эга бўлмасдан ўқитувчиларга топшириқ беряпти. Унинг талаби бўйича ўқитувчилар телевидение орқали намойиш этилаётган видеодарсларни ўқувчилар билан бирга кузатиши керак экан. Агар бу талаб бажарилмаса, ўқитувчиларнинг кунлик ойлик маошлари тўланмаслигидан огоҳлантирган. Давлат ва ҳукумат ўқитувчига кенг имконият бериб, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда масофадан ишлашга рухсат бериб турганда, бу каби ўзбошимчалик, калтабинликни қандай тушуниш мумкин?

Самарқанд шаҳридаги 41-умумтаълим мактаби ўқувчиларидан бирининг онаси Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаси орқали мурожаат қилиб, мактабда онлайн дарсларни ташкил этиш, масофадан ишлаш бўйича ҳеч қандай иш олиб борилмаётгани тўғрисида ҳақли равишда эътироз билдирган. Ушбу ҳолат ўрганилганда синф раҳбарининг лоқайдлиги туфайли у телеграмда тузилган гуруҳга киритилмай қолиб кетган. Ўқитувчи ўқувчининг нима билан машғул эканлигидан бехабар. Айни пайтда директор ҳам бу борадаги ишларнинг ташкил этилишига бефарқ бўлган.

Санайверсак камчиликлар кўп. Аммо ҳақиқат шуки, мактаб директорларининг бу хатти-ҳаракати давлатга, халққа, ўз касбига қилаётган энг катта хиёнатидан бошқа нарса эмас. Биз ушбу ҳолатларга индамасдан кўз юмиб қўймаймиз. Бундан, айниқса, ўз-ўзига таътил эълон қилиб юрган, ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган юқоридаги каби мактаб директорлари ўз вақтида хулоса чиқарсин!

Вилоят халқ таълими тизимида ишлаётган ўқитувчи ва директорлар, мудирлар, бўлим бошлиқлари қулоғига қуйиб олсин: бирорта мактаб ўқувчиси назоратдан четда қолмасин. Ҳар бир ходим, педагог масофадан туриб, ишини шу нуқтаи назардан қайта кўриб чиқсин ва ўз вазифасини виждонан бажарсин! Ўқитувчи “масофадан ишлаяпман”, деб хотиржамликка берилмасин, зиммасида халқ фарзандини саводли қилиш, унинг келажагига бевосита дахлдор эканлигини ҳис қилсин. Телефон орқали, телеграм орқали ўқувчисидан хабардор бўлсин, ота-онаси билан доимий мулоқот ўрнатсин! Халқ таълими бўлими мудирлари ҳам тегишли хулоса чиқариб, ишга масъулият билан ёндашсин!

Саидаҳмад УСМОНОВ,

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи.