Самарқандда ота қарийб 368 миллион сўм алимент тўлади

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг 2020 йил 12 августдаги қарорига асосан қарздор Р.Х.дан ундирувчи Ф.Қ.нинг фойдасига бир нафар фарзандининг таъминоти учун тўртдан бир қисм миқдорда алимент ундириш белгиланган ва суд қарорига асосан ижро ҳужжати Бюронинг Нарпай туман бўлими томонидан ижро иши юритилган.

Мазкур ижро ҳужжатига асосан қарздорнинг мол-мулкларини аниқлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 21, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотларга сўровномалар юборилган ва олинган маълумотларга асосан барча мол-мулкларига тақиқ қўйилган. 

Қарздор Х.Р. билан ҳам атрофлича суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, бугунги синов кунларида фарзандини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилди.

Бундай маслаҳат ва суҳбатдан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота шу куни фарзанди таъминотини ўйлаб, фарзанди вояга етгунига қадар бўлган қарзи 367 миллион 690 минг сўм пулни тўлаб берди.