Самарқандда Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциациясининг ҳудудий бўлими фаолият бошлайди

Давлатимиз раҳбарининг “Каратэ (WKF) спорт турини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори (03.11.2023 йил) қабул қилинди. Қарорга кўра, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги тизимида Ўзбекистон каратэни ривожлантириш маркази ташкил этилади.

Мазкур марказ барча ёш тоифалари бўйича терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш учун асосий спорт базаси ҳисобланади.

- Қарор билан Ўзбекистон каратэ миллий федерацияси Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциацияси этиб қайта ташкил қилиниб, жойларда унинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти йўлга қўйилади, - дейди вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бош мутахассиси Шуҳрат Каримов. – Жумладан, Самарқандда ҳам Ўзбекистон каратэ (WKF) ассоциациясининг ҳудудий бўлими фаолият бошлайди. Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ўртасида паракаратэни ривожлантириш учун Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тузилмасида паракаратэ бўлими ташкил этилади.

Вилоятда паракаратэни ривожлантириш учун туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида паракаратэ спорт тури бўлимлари ташкил этилади ва тренер-ўқитувчиларнинг малакасини ошириш мақсадида тегишли олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ишлаш бўйича режалар ишлаб чиқилади. Аҳоли барча қатламининг каратэ билан шуғулланиши учун вилоят ҳудудларида “Каратэ ҳамма учун” дастури амалга оширилади. Боғчаларда эса “Кидс каратэ” (kids karate) лойиҳаси ишга туширилади.

2024 йил 1 мартгача вилоятда каратэ билан шуғулланаётган барча спортчилар, шунингдек, мусобақаларда қатнашувчилар тўғрисидаги маълумотлар ERPsport.uz платформасида тўлиқ рақамлаштирилади.

Вилоятда каратэни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида 2023-2026 йилларда каратэ (WКФ) билан доимий шуғулланувчилар сони 3500 нафарга етказилади.

Ҳозирги кунда вилоятимиз туман (шаҳар)ларида 32 нафар тренер-ўқитувчи қўл остида 1200 нафарга яқин ўғил-қизлар карате (WKF) билан шуғулланмоқда. Ўзбекистон терма жамоасининг асосий таркибида 53 нафар, захира таркибида 8 нафар спортчи машғулотларда қатнашмоқда.