Самарқандда «Плаквенил» дори воситасини сотаётган “тадбиркор” қонунга рўбару келди
Бугунги кун воқелиги турли қинғир йўлар билан бойишни касб қилганлар учун “кенг имкониятлар” пайдо қилмоқда. Хусусан, пандемия аввалида коронавирусни даволаш учун аниқ дори воситаси йўқ эди. Шунда мавжуд дори воситалари, хусусан, хлорохин, гидроксихлорохин, азитромицин кабиларни биринчи бўлиб Хитойда қўллаш бошланди. Кейинчалик улар Европа давлатларида ҳам қўлланилди.
Табиийки, бу дори воситалари турли йўллар биан қўлда ҳам сотилди. Бундай қинғирликларнинг олдини олиш мақсадида департамент ходимлари томонидан зарур профилактик ва бошқа тадбирлар олиб борилмоқда.
Хусусан, 24 июль куни Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда савдо номи «Плаквенил» бўлган гидроксихлорохин препаратининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ ҳолат фош этилди.
Тадбирда Самарқанд шаҳар Сартепа масканида яшовчи фуқаро А.Жалилов (исм-фамилия ўзгартирилган) ноқонуний равишда 1 қути “Плаквенил 200 мг” дори воситасини харидорга қиммат нархда, яъни 1 миллион 940 минг сўмга сотган вақтда ушланган. Ундан жами 3 миллион 840 минг сўмлик гидроксихлорохин дори воситаси ашёвий далил сифатида олиниб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ахборот хизмати.