Самарқандда прокуратуранинг 4 нафар ходимлари тергов фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа лавозимларга ўтказилди
Самарқанд вилояти прокуратураси ёш мутахассислар билан ишлаш, тарбиялаш ҳамда тергов фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга кўрилган чоралар хусусида баёнот.
Вилоят прокуратураси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида Самарқанд шаҳри, Пайариқ, Қўшработ ва Самарқанд туманлари прокуратурасида терговга қадар текширув ҳамда тергов сифатига етарли даражада эътибор берилмаётганлиги йиғилишларда бир неча маротаба танқидий муҳокама қилиниб, тегишли ходимлар шахсан огоҳлантирилган бўлса-да, вазият ижобий томонга ўзгармаган.
Кўрсатилган ушбу ҳудудларда дастлабки тергов босқичида иш ҳолатларини чуқур таҳлил қилиш, асослантирилган тергов тахминларини ишлаб чиқиш, уларни текшириш бўйича барча куч ва имкониятлардан тўғри ҳамда унумли фойдаланиш, воқеа жойини кўздан кечириш, жиноят содир этилган жойдан ашёвий далилларни процессуал қоидалар асосида олиш, экспертизалар тайинлаш, далилларни йиғиш ва баҳо бериш жараёнларида йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилмасдан қолган.
Вилоят прокуратурасининг навбатдан ташқари аттестация комиссияси муҳокамасида ушбу туман ва шаҳар прокуратуралари ходимларининг билим-савия ва касб малакасини синовдан ўтказиш натижалари бу борада жиддий муаммолар мавжудлигини яққол кўрсатди.
Юқоридагиларга кўра, 4 нафар ходимлар тергов фаолияти билан боғлиқ бўлмаган бошқа лавозимларга ўтказилди.