Самарқанд вилояти прокуратураси фаолияти Республикада оммалаштирилди

Вилоят ҳамда шаҳар, туман прокуратуралари томонидан турли соҳа ва йўналишларнинг чуқур таҳлили натижасида 5 та йўналишдаги фаолият Бош прокуратура томонидан ижобий деб топилиб, Республика бўйича оммалаштирилди.

Ижтимоий-иқтисодий соҳаларда прокурор назоратини таъминлаш борасида ёрдамга муҳтож 3.320 нафар фуқароларнинг муаммолари ҳал этилди, 200 нафар фуқаронинг 600 млн. сўмдан ортиқ иш ҳақи, пенсия ва нафақа пуллари ундириб берилди. Ўзлаштириш, талон-торож қилиш ва суиистеъмолчиликлар оқибати етказилган 1 млрд. сўм зарар айбдорлардан ундирилди.

Шунингдек, ҳокимликлар билан ҳамкорликда оғир турмуш шароитида яшаётган 1 702 нафар хотин-қизларга тиббий, 711 нафарига 2 097 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. 5 минг 446 нафарининг бандлиги таъминланиб, 1 282 нафари уй-жой билан таъминланди.

Ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг 233 таси яраштирилди, шаърий никоҳ асосида яшаётган 320 та оилаларнинг никоҳи расмийлаштирилди. Судларда никоҳдан ажралиш билан боғлиқ кўрилган ажримлар 45 тага, оилавий жанжаллар оқибатида содир этилган ҳуқуқбузарликлар эса 239 тага камайишига эришилди.

Шу билан бирга, ишсиз аёллар сони 28 мингдан ошиб, уларнинг аксарият қисми Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Булунғур, Ургут туманлари ҳисобига тўғри келган.

Ишсизликни қисқартириш мақсадида прокурорларнинг ташаббуси билан 22 та меҳнат ярмаркалари ўтказилиб, 252 нафар аёл иш билан таъминланди, 1.152 нафарига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. 

Бу борада олиб борилган тадбирлар давомида 400 дан ортиқ назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 283 нафар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди ва қўпол қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан 8 та жиноят иши қўзғатилди.

Учрашув, қабул ва назорат тадбирлари давомида 605 нафар тадбиркорларнинг турли муаммолари бартараф этилди. 432 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил қилинди. Фаолияти тўхтаб қолган 220 та корхона тикланди, уларда 1.117 та қўшимча иш ўринлари яратилди, 10,3 млн. долларлик хорижий инвестициялар жалб этилишида амалий ёрдам кўрсатилди, 60 та тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Шу даврда прокурорлар ташаббуси билан 94 та янги экспортёр корхоналар ташкил этилди, 101 та экспортёрнинг лицензия, кредит, ер ва бино олиш ҳамда бошқа масалаларга доир муаммолари ҳал этилиб, 45 тасининг 25.3 млн. долларлик қарздорлигини ундиришда амалий ёрдам кўрсатилди.

Тадбиркорлар ҳуқуқларини поймол этган 19 нафар мансабдор шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 3 та жиноят иши қўзғатилди.

Албатта, қонунбузарликлар учун чора қўллаш лозим. Шу билан бирга, уларнинг туб сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаб, бартараф этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бироқ, муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, қонунбузилишларни барвақт олдини олиш, профилактика қилиш эса энг устувор вазифаларимиздан бири бўлиши керак.

Шу нуқтаи назардан, вилоят прокуратураси ходимлари томонидан турли соҳа ва йўналишлар мутахассислар жалб этилган ҳолда чуқур таҳлил қилиниб, ўрганишларимиз натижасида қонунчиликни, республика даражасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришга, ундаги бўшлиқликларни, муаммоли масалаларни ҳал этишга доир, аҳамият беринг, 563 та таклифлар ишлаб чиқилиб, унинг аксарияти Бош прокуратура томонидан маъқулланди ва ушбу фаолиятимиз ҳам республика бўйича ижобий иш тажрибаси сифатида оммалаштирилди.

Айтилаётган, бундан кейинги рақамлар ва мисоллар оддий рақам сифатида ўтиб кетиши мумкиндир, лекин унинг ҳар бири ортида, ҳар бир йўналишда қанчадан-қанча ҳодимларимизнинг, жалб этилган мутахассисларнинг меҳнати ётганлигини ҳаммамиз яхши тушунсак керак.

Ёшлар ва вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш масаласи ҳам алоҳида эътиборда бўлди.

Биргина мисол. Вилоят прокуратураси томонидан йил бошида вилоятдаги 1.668 нафар ногиронлиги бўлган, уйда якка тартибда таълим олаётган болаларнинг соғлиғи, таълим олишлари ва улар тарбияланаётган оилаларнинг ижтимоий ҳолати ўрганилиб, 653 нафар болаларнинг турли масалалардаги муаммолари ҳал қилинди. 231 нафарига ногиронлик аравачаси, эшитиш мосламаси, ҳасса, дори-дармонлар олиб берилди, 31 та оилага моддий ёрдам тайинланди.

Худди шунингдек, манзилли Дастур ишлаб чиқилиб, 5 та ташаббус ижроси бўйича меҳрибонлик уйларида “Умид” ва “Лочин” футбол жамоалари, “Шашка”, “Шахмат”, “Ёш китобхон” ҳамда “Бинафша” каби бир қатор тўгараклар ташкил этилган ҳолда ўқитувчи ва мураббийлар бириктирилди.

Дастур доирасида Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатувчи чет тиллари, аниқ, табиий ва ижтимоий-гуманитар фанларга ихтисослашган “Fast education” ва “Таълим кўприги” каби нодавлат таълим муассасалари билан меҳрибонлик уйлари ўртасида ўзаро меморандум тузилиб, вилоятнинг энг кучли ва юқори малакали ўқитувчилари томонидан меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларини ўқув курсларида бепул ўқитиш ишлари йўлга қўйилди.

Умуман мазкур йўналишда 1.117 та прокурор назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 626 нафар шахс интизомий ва маъмурий жавобгарликка тортилди, 318 млн. сўм зарар ихтиёрий ундирилди, қўпол қонунбузиш ҳолатлари бўйича 8 та жиноят иши қўзғатилди ва 80 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Мухиддин БАХРИТДИНОВ,

вилоят прокурорининг ўринбосари.