Самарқандда қарзни вақтида тўламаган корхона қарийб 4,5 миллион сўм пеня ва суд харажатларини тўлайдиган бўлди
Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармасининг судга киритган даъво аризасида «KOMFORT SHINE» масъулияти чекланган жамиятига «BUILDER» хусусий корхонасидан 41 миллион 309 минг сўм асосий қарз ва 14 миллион 871 минг 240 сўм пеня ундиришни сўраган.
Баён этилишича, даъвогар «KOMFORT SHINE» масъулияти чекланган жамияти билан «BUILDER» хусусий корхонаси ўртасида 2018 йилда 60 миллион сўмлик шартнома ва 51 миллион 309 минг сўмлик маҳсулот етказиб берилган. Етказиб берилган маҳсулот учун 10 миллион сўм тўлаб берилган ва 41 миллион 309 минг сўм қарздор бўлиб қолган.
Фуқаролик кодексининг 236-моддасида мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига асосан бундай шартлар ва талаблар бўлмаганда иш муомаласи одатларига ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши кераклиги, 449-моддасида сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлаши, агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи (тўловчи) томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли эканлиги белгиланган.
Жавобгар «BUILDER» хусусий корхонасига 2019 йил 13 ноябрь куни огоҳлантириш талабномасини юбориб, 2018 йилдаги шартномага асосан 41 миллион 309 минг сўм қарз суммасини тўлаб беришни сўраган. Бироқ жавобгар томонидан ушбу огоҳлантириш талабномаси эътиборсиз қолдирилган.
Қайд қилинган товарларнинг етказиб берилганлиги ва сотиб олувчи томонидан қабул қилиб олинганлиги иш ҳужжатларидаги ҳисоб-фактуралар ва ишончномалар билан ўз тасдиғини топган.
Шартноманинг 4.6-бандида, “сотувчи”га товар ҳақини ўз вақтида тўламаганлик учун “сотиб олувчи” кечиктирилган ҳар бир календарь кунига олинган маҳсулот қийматининг 0,1 фоизи миқдорида пеня тўлаши, бунда ҳисобланган жами пеня суммаси кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги керак, деб белгиланган.
Даъвогар «KOMFORT SHINE» масъулияти чекланган жамияти шартноманинг ушбу шартидан келиб чиқиб, жавобгардан 14 миллион 871 минг 240 сўм пеня ундиришни сўраган.
Суд мажлисида «BUILDER» хусусий корхонаси раҳбари даъво талабига эътирози йўқлигини, бироқ ҳисоб рақамида маблағ йўқлиги сабабли тўлай олмаганлигини, асосий қарздорликни тўлаб беришини билдириб, пеняни камайтиришни сўраган.
Фуқаролик кодексининг 326-моддасида агар тўланиши лозим бўлган “неустойка” кредиторнинг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблиги кўриниб турса, суд “неустойка”ни камайтиришга ҳақли, бунда қарздор мажбуриятни қай даражада бажарганлиги, мажбуриятда иштирок этаётган тарафларнинг мулкий аҳволи, шунингдек, кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиши кераклиги, суд алоҳида ҳолларда қрздор ва кредиторнинг манфаатларини ҳисобга олиб, кредиторга тўланиши лозим бўлган “неустойка”ни камайтириш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган.
Суд жавобгар «BUILDER» хусусий корхонасининг мулкий аҳволини ва унинг манфаатларини эътиборга олиб, жавобгардан ундирилиши талаб қилинган пенянинг 4 миллион 461 минг 372 сўм қисмини қаноатлантиришни лозим топди.
Шунингдек, даъвогарнинг даъво талаби қисман қаноатлантирилиб, жавобгар «BUILDER» хусусий корхонасидан даъвогар «KOMFORT SHINE» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 41 миллион 309 минг сўм асосий қарз ҳамда олдиндан тўланган 17 минг 840 сўм почта харажатини ундириш белгиланди.
Бундан ташқари, «BUILDER» хусусий корхонасидан суд ҳокимиятини ривожлантириш жамғармасига 1 миллион 123 минг 604,8 сўм давлат божи ундириладиган бўлди.
Н.ТУРСУНОВА,
Иштихон туманлараро иқтисодий суди судьяси.