Самарқандда ҚҚС тўловчилар 6000 га яқинлашди

Паст Дарғом ва Жомбой туманларида солиқ қонунчилигидаги янгиликлар мазмун-моҳиятини солиқ тўловчиларга етказиш, фермер хўжаликлари ва кластер ташкил этган корхоналар раҳбар ва бош ҳисобчиларининг муаммоларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам бериш мақсадида семинар ўтказилди.


Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоев солиқ қонунчилигидаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.
Таъкидландики, Президентимизнинг жорий йил 27 июнда қабул қилинган “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2019 йилнинг 9 ойида пул айланмаси (тушуми) 1 млрд. сўмдан ошган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган суғориладиган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилар қўшилган қиймат солиғи тўловчиси ҳисобланиши ва белгиланган тартибда ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтиши белгиланди.
Фармонга мувофиқ пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчи хўжалик субъектлари 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади. Бунда уларга 2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.
Самарқанд вилоятида жорий йилнинг 1 январь ҳолатида 619 та қўшимча қиймат солиғи тўловчиси фаолият юритган, 1 октябрга қадар эса яна 2832 та ҚҚС тўловчиси қўшилиб, 3451 тани ташкил қилди. Мазкур фармон талабларидан келиб чиқиб 1 октябрдан 2513 та қўшимча қиймат солиғи тўловчиси рўйхатдан ўтган.
Қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтаётган фермер хўжаликларининг бухгалтерия ҳисобини тўғри юритишларига амалий ёрдам бериш мақсадида уларнинг ҳар 10 тасига бир нафардан, жами 195 нафар солиқ ва молия идораларининг малакали ходимлари бириктирилди.


Самарқанд вилоят давлат солиқ
бошқармаси Ахборот хизмати.