Самарқандда сайёр қабул: кредитга боғлиқ, хизматга оид ва даволаниш бўйича мурожаатлар ижобий ҳал этилди
Кеча, 9 июль куни Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги масъул мансабдор шахслардан иборат гуруҳ Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд шаҳрида жойлашган концерт залида сайёр қабул ўтказди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қабул давомида Мудофаа вазирлиги марказий аппаратидан иборат ишчи гуруҳ баробарида округ қўмондонлиги масъул офицерлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ҳамда ҳарбий пенсионерларнинг мавжуд муаммолари, талаб, таклиф ва эҳтиёжлари ўрганилиб, уларга амалий кўмак бериш юзасидан иш олиб борилди.
Турфа мурожаатлар билан сайёр қабул гуруҳига юзланаётган юртдошларимизнинг оғири енгил, узоғи яқин бўлмоқда. Хусусан, саломатлиги туфайли йиллар давомида азият чекиб келаётган саккиз нафар нафақадаги ҳарбий хизматчи ҳамда уларнинг оила аъзоларига Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпиталида даволаниш имконияти тақдим этиладиган бўлди. Агар зарурат туғилса, ҳатто хориж шифохоналарига ҳам йўлланма олишига имкон бўлишига ваъда берилди.
Ўн саккиз ярим йилдан буён Ватан тинчлиги йўлида хизмат қилиб келаётган кичик сержант Халил Ҳамроев фарзандининг соғлигида муаммолар борлиги, Жиззах шаҳрида буни даволовчи шифокорлар мавжудлиги ҳамда ҳарбий хизматчининг ушбу шаҳарда ўз уйи борлиги сабаб мурожаатчининг хизмат жойи кўчириладиган бўлди.
Шунингдек, истеъмол, ипотека ва автокредитларни олишда юзага келаётган муаммолар ҳам жойида бартараф этилди.
Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттириш учун ҳужжатларини юборган спортчи Шерназар Зоитовнинг ишлари ҳам бу ёғига тезлашади. Мудофаа вазирининг ўринбосари бу борада масъул офицерларга тегишли кўрсатмаларни берди.
Шунингдек, оила аъзоларини ишга жойлаштириш, уй-жой, истеъмол, имтиёзли кредитлар ва автокредитларни олишда юзага келаётган муаммоларнинг ҳеч бири эътиборсиз қолмади. Фуқароларни қийнаб келаётган 219 та масаланинг 23 таси жойида ҳал этилди. Қолганлари тегишли ташкилот вакиллари томонидан назоратга олинди.
Бундан ташқари, сайёр қабул Каттақўрғон туманида ҳам ўтказилди.