Самарқандда спорт хабарлари
Баскетбол
Самарқанд шаҳрида “Баркамол авлод-2021” спорт мусобақасининг баскетбол тури бўйича ўғил ва қизлар ўртасида минтақавий саралаш босқичи ўтказилди.
Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, Самарқанднинг ўғил болалар жамоаси биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин сурхондарёликларга, учинчи ўрин қашқадарёлик баскетболчиларга насиб этди. Қизлар ўртасидаги беллашувда Сурхондарё вилояти жамоасига тенг келадигани топилмади. Қашқадарё вилояти иккинчи ва вилоятимиз баскетболчи қизлари учинчи ўринни эгаллади.
Муай-тай
Самарқанд шаҳрида спортнинг муай-тай тури бўйича 9 ёшдан 35 ёшгача бўлганлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ташкил этилди.
Республиканинг барча вилоятидан минг нафарга яқин спортчи қатнашди. Якунда умумжамоа ҳисобида Тошкент шаҳридан келган спортчилар биринчи ўринга сазовор бўлди. Самарқандликлар иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Тошкент вилояти спортчиларига насиб этди.
Мазкур мусобақада олтин медалга эга чиққан 20 нафардан ортиқ 16 ёшдан ошган спортчига “Спорт устаси” берилиши бўйича федерацияга тавсия этилди.
***
Шунингдек, спортнинг якка кураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида профессионал спортчилар ўртасида муай-тай бўйича вилоят очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Унда 15 нафар юртимиз вакили, 4 нафар тожикистонлик ва бир нафар қирғизистонлик спорт усталари 60 ва 63 килограмм вазнда камар учун асосий жанг баҳси бўлиб ўтди. Олти вазн бўйича спортчилар сараланди.
Қувонарлиси, 60 килограмм вазнда Самарқанд туманида яшовчи Аслан Ортиқов ва 63,5 килограмм вазнда Шаҳриёр Жўраев камарга эга чиқди.
Бокс
Самарқанд шаҳрида бокс бўйича 2006-2007 йилларда туғилганлар ўртасида Ўзбекистон кубоги ўтказилди.
Республиканинг барча ҳудудидан 470 нафар боксчи ўз вазн тоифасида куч синашди. Муросасиз кечган баҳс якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Тошкент вилояти боксчилари биринчи ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин Тошкент шаҳри спортчиларига ва учинчи ўрин самарқандликларга насиб этди.
Юнон-рум
Самарқанд шаҳрида юнон-рум кураши бўйича 2005-2006 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида 10 та вазн тоифасида вилоят чемпионати ташкил этилди.
Якунда умумжамоа ҳисобида Тойлоқ олимпия захиралари коллежи тарбияланувчилари биринчи ўринни эгаллади. Самарқанд олимпия захиралари коллежи жамоаси иккинчи ва спортнинг якка кураш турлари бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоасига учинчи ўрин берилди.
Таэквон-до
Самарқанд шаҳрида таэквон-до ИТФ бўйича 7 ёшдан 17 ёшгача бўлган рангли ва қора белбоғ соҳиблари ўртасида вилоят очиқ чемпионати бўлиб ўтди.
Вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан ташқари, Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро ва Тошкент вилоятлари келган 260 нафардан ортиқ таэквондочилар ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Медаль жамғариш бўйича умумжамоа ҳисобида биринчи ўрин Самарқанд вилоятига берилди. Иккинчи ўрин қашқаадарёликларга ва учинчи ўрин бухоролик спортчиларга насиб этди.
Кураш
Вилоят халқ таълими бошқармаси, “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти вилоят бўлими ҳамда вилоят кураш федерацияси ҳамкорлигида умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари ўртасида кураш мусобақаси ташкил этилди.
“Кураш - миллий ғуруримиз” шиори остида бўлиб ўтган спорт тадбирида 14 та вазн бўйича 150 нафар 5-синфдан 11-синфгача бўлган ўқувчи гиламда беллашди.
Якунда энг кўп медални Самарқанд туманининг мактаб ўқувчилари жамғарди. Иккинчи ўрин нурободликларга, учинчи ўрин пастдарғомликларга насиб этди.
Ҳ.Элтоев.