Самарқандда спортни оммалаштиришда қилинаётган ишлар талаб даражасидами?

Ўтган йил вилоятимиз спортчилари олимпия ўйинлари ва халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Уларнинг кейинги мусобақаларга қандай тайёргарлик кўраётгани, умуман, вилоятда спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида вилоят туризм ва спорт бошқармаси бошлиғи ўринбосари Шуҳрат РЎЗИЕВ билан суҳбатлашдик.

- Бугунги кунда вилоятда спортнинг 50 дан ортиқ тури билан 145 минг нафардан ортиқ ёшлар мунтазам шуғулланиб келади, - дейди Ш.Рўзиев. -  Ўзбекистон Миллий  терма жамоаси таркибидаги спортчиларнинг 10 фоизини вилоят спортчилари ташкил қилади. Хусусан, 2021 йил Ўзбекистон Миллий терма жамоасининг асосий ва захира таркибига 76 та спорт тури бўйича 1168 нафар спортчи киритилган.

- Ўтган йилнинг 9 декабрида Бош вазир раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда спорт таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, оммавий спортни янада ривожлантириш борасида топшириқлар берилганди. Шундан келиб чиқиб, Самарқандда спортни оммалаштириш бўйича қандай аниқ чора-тадбирлар белгиланди?

- Йиғилишда асосий масала аҳолининг барча қатлами ўртасида жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини тизимли ташкил этиш, ёшларни спорт тўгаракларига жалб қилиш ҳамда 2024 йил Париж шаҳри (Франция)да бўлиб ўтадиган 33-ёзги олимпия ва 17-паралимпия ўйинларига спортчиларни комплекс тайёрлаш вазифалари белгилаб берилди.

Шундан келиб чиқиб, аввало, аҳолини пиёда ва велосипедда юриши учун 105 километр “Саломатлик йўлаклари”, 109,5 километр велойўлаклар қурилиб фойдаланишга топширилди. Шунингдек, 33 та бадминтон майдони, 38 та стритбол майдони ва 499 та “Wоркоут” майдончалари (шундан 100 та намунавий, 399 та қўлбола) қурилди.

Бундан ташқари, таълим муассасалари спорт залларида ҳар куни соат 16:00 дан 23:00 га қадар ёш-у қарининг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиши учун етарли шароит яратилди.

Бугунги кунда вилоятда 5654 та спорт иншооти мавжуд. Ҳозирда бу иншоотларда спортчиларимиз мусобақаларга тайёргарликни олиб боряпти. Айниқса, 2024 йил Париж шаҳрида ўтказиладиган ёзги олимпия ўйинларига 9 та спорт тури бўйича 23 нафар спортчи, паралимпия бўйича 4 нафар спортчи тайёргарлик кўрмоқда.

- Айнан ўша йиғилишдан кейин Тойлоқдаги спорт коллежи директори ишдан олинди. Айтингчи, энди коллежда ўзгариш бўладими?

- 10 декабрь куни Тойлоқ олимпия захиралари коллежининг собиқ директори Баҳодир Бердиқулов иш жараёнида йўл камчиликлари сабабли вазифасидан озод этилди. 30 декабрда коллежга спортнинг дзюдо тури бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси, жаҳон чемпиони, 2008 йил Хитой (Пекин)да ўтказилган ёзги олимпия ўйинлари иштирокчиси Ўткир Қурбонов тайинланди.

Ў.Қурбонов фаолиятини бошлаши билан коллежда ўқувчи-спортчиларни таълим олиши учун қулай шароит яратиш кераклигини маълум қилди. Жумладан, кутубхонада китоб фонди бойитилиши, ётоқхонада ўқувчи-спортчилар маданий ҳордиқ чиқариши учун шахмат, шашка тўгараклари ташкил этиш, спорт турлари билан мунтазам шуғулланиш учун спорт залларини тартибга келтириш, кийиниш, ювиниш хоналарида етарлича шароит яратиш кераклигини билдирди.

Бу муаммоларни биргаликда бартараф қиламиз. Муҳими, Ўткир Қурбонов жамоани янги натижалар, ғалабалар сари руҳлантиряпти. Бунга эришиш учун зарур шароитларни яратишга ҳаракат қиляпти.

- Вилоятимизда соғлом турмуш тарзини ривожлантириш мақсадида қилинаётган ишлардан кўнгил тўладими?

- Саволинигизга аниқ мисол билан жавоб берсам. Жорий йилнинг 5 январидан 5 февралигача вилоят туризм ва спорт бошқармаси ташаббуси билан аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларнинг жисмоний фаоллиги даражасини ошириш мақсадида “Соғлом ҳаёт учун ҳар кун – 10 минг қадам!” шиори остида юриш тадбирлари ўтказилиши белгиланди. Бунинг учун вилоятнинг марказий кўчалари, истироҳат боғлари, стадионлар, маҳалла ва гузарларда ташкил этилган “Саломатлик йўлаклари”да юриш тавсия этилди.

Юриш тадбирларига барча шаҳар, туманлар бўйича 82 минг 519 нафар фуқаро қамраб олинди. Шу кунгача 86 та тадбир ташкил этилган бўлса, фуқароларнинг барчаси юриш марафонлари ва бадантарбия машғулотларида фаол қатнашмоқда.

Бундан ташқари, Туризм ва спорт вазирлиги 1hls.uz платформасида кунига 10 минг қадам юрган фуқароларни рағбатлантиришнинг янги тизимини маълум қилди. Унга кўра, суткасига 10 минг қадам юрганларни янада кўпроқ рағбатлантириш мақсадида ҳар ҳафта қуйидаги совринлар ўйналади:

-  1 та 100 миллион сўм миқдорида пул мукофоти;

-  1000 та велосипед.

Ҳар ҳафта ғолиблар “Спорт” телеканалида жонли эфирда тасодифий танлаб олиш механизми орқали аниқланади.

Янги рағбатлантириш тизими ишга тушгандан сўнг 16 январдан бошлаб кунига 10 минг қадам юрганларга 3 минг сўм бериш тўхтатилди. Лекин 15 январгача 1hls.uz платформасида 10 минг қадам юрган барча фуқароларга пуллар тўлиқ тўлаб берилиши маълум қилинди.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ суҳбатлашди.