Самарқандда стартап лойиҳалар борми? Ёки маҳаллий бюжетдан ажратилган 3,5 миллиард сўм қайси мақсадларга сарфланаётгани хусусида

Муайян масала ечими юзасидан таклиф, ташаббус кўпчиликда бўлиши мумкин. Бироқ уни амалга оширишга келганда уни асослантириш ҳамманинг қўлидан келавермайди. Агар асослантирилган тақдирда ҳам навбатдаги муаммо – молиялаштириш масаласини барча ташаббускорлар, таклиф берувчилар ҳал қилолмайди.

Шу боис, кейинги пайтларда юртимизда ёшлар тадбиркорлиги, хусусан, стартап лойиҳаларни бюджет маблағларидан молиятиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мисол учун, жорий йил март ойида 22 та лойиҳа акселлераторга сараланиб олинди. Шунингдек, Каттақўрғон туманида япон услубидаги IT академиясини ташкил этиш, PayFly.uz – авиабилетлар, саёҳат турпакетлари ва сайёҳлик суғурталарини бронлаш платформасини ривожлантириш ҳамда DietCake – қандли диабет билан оғриган беморлар ва спортчилар учун қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари 272 миллион сўмга молиялаштирилди.

Муаммоларни ҳал қилувчи лойиҳалар бор

Ҳудудда мавжуд муаммолар ечимига қаратилган тайёр илмий ишланмалар ва янги буюртмалар бўйича илмий ташкилотлар билан ҳамкорликда «Тайёр илмий ишланмаларни амалиётга жорий этиш ҳамда тадқиқот ишларини бажариш тўғрисида» 3 та лойиҳани амалга ошириш бўйича шартномалар имзоланган. Шу асосда Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти томонидан 150 миллион сўм маблағ асосида “E-ziyorattourism in Samarkand” онлайн платформаси яратилмоқда.

Бундан ташқари, Самарқанд давлат чет тиллар институти томонидан маҳаллий бюджетдан ажратилган 56 миллион сўмга «Аудио эртаклар» лойиҳаси амалга ошириляпти. «Ипак йўли» туризм халқаро университетида яратилаётган Самарқанд шаҳридаги зиёрат туризми объектларининг геолокациялари асосида интернет хариталарини янгилаш ва туристик маршрутларни дифференцияллаш лойиҳасига 40 миллион сўм маблағ тақдим қилинди.

Аслида вилоятимизда яна ўнлаб лойиҳалар захирага олинган. Улар амалиётга татбиқ қилишга тайёр бўлиши билан маҳаллий бюжетдан молиялаштирилади.

Ургут инновацион ҳудуд бўлади

Давлатимиз раҳбари 15-16 апрель кунлари Самарқандга ташрифи давомида вилоят фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда Ургут туманини инновацион ҳудудга айлантириш юзасидан топшириқлар ва вазифалар белгилаб берганди. Ушбу вазифалар ижроси юзасидан вилоят маҳаллий бюжетининг қарийб 2,5 миллиард сўм маблағи эвазига турли инновацион лойиҳалар ва стартаплар амалиётга жорий қилинмоқда.

Хусусан, Ургут туманида сунъий йўлдош технологияси ёрдамида ер ости сув қувурларидаги кўринмас носозликларни аниқлаш ва ер ости инфратузилма объектларини (сув, газ, канализация қувурлари, телекоммуникация ва электр тармоқлари) хариталаш лойиҳаси учун 1 миллиард сўм ажратилган. Лойиҳа доирасида “Maya International Infrastructures” МЧЖ томонидан Ургутда тегишли ишлар бошланган.

Ҳозирги кунда кўзи ожизларга қулайлик яратувчи маҳсулотларнинг аксарияти фақат хориждан - импорт эвазига келтирилади. Шу боис Ургут туманида бу борадаги лойиҳа учун 520 миллион сўм миқдоридаги маблағ ажратилган. Лойиҳа доирасида “Yusupov Lazizbek” корхонаси томонидан кўзи ожизлар учун брайл дисплей, брайл клавиатура ҳамда смарт ҳасса ишлаб чиқарилиши йўлга қўйиляпти.

Ҳозирги кунда «Узтелеком»АЖ томонидан Ургут туманининг 16 та ҳудудидаги аҳоли гавжум нуқталар ҳамда туристик объектларда Wi-Fi зоналари ташкил қилиняпти. Қиймати 1 миллиард сўм бўлган лойиҳа тўлиқ якунлангач юқорида қайд этилган ҳудудларда аҳоли ҳамда сайёҳлар интернетга бепул уланиши мумкин бўлади.

Имкон бор, режалар катта

Жорий йилнинг 21-24 июнь кунлари вилоятнинг барча олий таълим муассасаларида “Youth Startups Week – 2021” талабалар ва ёш олимлар стартапларини қўллаб-қувватлаш ҳафталиги ташкил қилинди.

Унда олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари, ёш олимлари ҳамда магистрлари билан интерактив учрашувлар ўтказилди.

26 июнь куни «Самарқанд вилоятида ёшларнинг инновацион ғоялари ва стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастури»нинг 2-тўлқини саралаш интервьюлари бўлиб ўтди. Дастлабки тўлқинда 25 та лойиҳадан 3 таси 271 милион сўм маблағ билан молиялаштирилган эди. Ушбу тўлқинда эса 23 та лойиҳа саралаб олинди.

Бугунги кунда вилоят стартап экомуҳитини ташкил қилиш, уни ривожлантириш ва тизимли ишлашини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги қошида доимий кенгаш фаолияти йўлга қўйилган. Кенгаш ҳар ойда камида бир маротаба брифинглар ташкил қилади.

Умуман, турли лойиҳалар ва стартап ташаббусларини қўллаб-қувватллашга катта эътибор қаратилмоқда. Асосий мақсад яқин кунларда Самарқанд вилоятини стартап лойиҳалар учун қулай ҳудудга айлантиришдан иборат.

Абдулазиз СУЯРОВ,

вилоят ҳудудий инновацион ривожланиш бошқармаси матбуот бўйича масъул ходими.