Самарқандда “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” мавзусида халқаро симпозиум ўтказиляпти

Бугун, 17 октябрь куни Самарқанд давлат университети, Анқаранинг Боязид Йилдирим, Бурсанинг Улудағ университетлари ҳамкорлигида “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” мавзусида халқаро симпозиум ўз ишини бошлади.

 - Халқаро конференция Самарқанд, Бурса ва Анқара шаҳарлари тарихини Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур атрофида марказлаштирган ҳолда ўрганиш, Туркия ва Ўзбекистонда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтиришни мақсад қилган, - дейди Туркиянинг Мерсин университети доценти Туба Томбулоғлу. - Cимпозиум орқали Анқара Йилдирим Боязид ва Бурса Улудағ университетлари Ўзбекистондаги нуфузли олий таълим муассасалари ва тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Ушбу алоқалар келгусида ҳам самарали давом эттирилади.

- Бугунги кунимизнинг долзарб масалаларидан бири авлодларга маданий мерос объектларини асраш, уларнинг тарихий аҳамиятини кенгроқ очиб беришдир, - дейди Самарқанд давлат университети тарих факультети декани, профессор Дилфуза Жўрақулова. - “Султон Йилдирим Боязид ва Амир Темур” халқаро анжуманида ҳам бир қатор маърузалар бугунги кунда долзарб ҳисобланган масалаларни қамраб олади. Кўриб ўтилаётган даврдаги археологик ёдгорликларнинг ўрганилиши, шунингдек, Йилдирим Боязид ва Амир Темур меросини рақамлаштириш масалалари шулар жумласидан.

Халқаро симпозиум очилишида Самарқанд шаҳар ҳокими Ф.Умаров ва Туркиянинг Бурса шаҳар ҳокимлиги вакили Абдуллаҳ Чели иштирок этди.

Симпозиум иши 26 октябрга қадар давом этади.