Самарқандда сув нега қимматлашди?

Кейинги пайтларда блогер Муҳиддин Болиев ижтимоий тармоқларда Самарқандда ичимлик сувининг нархи оширилиши ҳақида ўз эътирозларини акс эттирувчи мақолалар бериб келмоқда. Ҳатто ўз саҳифасида бу масалада у мамлакат Президентига ҳам мурожаат қилганди.

Унда: “Нимагадир сув нархи бир неча баробар ҳеч қандай сабабсиз кўтарилганлиги муносабати билан халқ томонидан эътироз билдирилишига қарамасдан Президент бу масалага муносабат билдирмаяпти? Қани фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига кафолат? Шунча мурожаат қилаяпмиз, ҳеч ким бунга эътибор бермаяпти, жаноб Президент? Ҳозирда аксарият аҳолининг куни нон билан сувга қолган! Биз жавоб кутаяпмиз?”, дейилган.

Кеча Муҳиддин Болиев барча блогерлар ва “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ раҳбарларини “ринг”га чақирди. “Нейтрал ринг” сифатида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг матбуот анжуманлари хонаси танланди.

 Ана шу мунозара хусусида

Аввало, шуни айтишим лозимки, ичимлик сувининг нархи бир неча баробар эмас, икки баробар ошгани тўғрисида “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ раҳбари Комил Юсупов расмий маълумот берган, вилоят телевидениесида ташкил этилган “Очиқ мулоқот”да ҳам нима сабабдан ичимлик сувининг нархи оширилганлигини асослаган ва аҳолининг саволларига батафсил жавоб қайтарган эди. Бундан ташқари, 2020 йилнинг декабрь ойида “Самарқанд сув таъминоти” иншоотларига пресс-тур ташкил қилинган ва бу масала юзасидан ҳам атрофлича маълумотлар берилган эди.

Шуларга қарамасдан яна “ринг”га келган “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ директорининг ўринбосарлари Толиб Бобоев ва Акрам Сиддиқов, жамият ахборот хизмати раҳбари Алишер Алиқулов барча саволларга жавоб берди.

Уларга кўра

Самарқанд аҳолисига ичимлик суви беш босқичда етиб боради: 1. Ер остидан кучли насослар билан сув тортиб олинади. 2. Қудуқлардан тортиб олинган сув "Сув ҳовузи"га йиғилади. 3. Фильтрланган, тозаланган, хлорланган сув ҳовуздан сув тақсимлаш иншоотига насослар ёрдамида юборилади. 4. Сув тақсимлаш иншоотидан яна насослар ёрдамида аҳоли манзилларидаги насос станцияларига узатилади. 5. Насос станциялари ўз ҳовузларида йиғиладиган сувни аҳолига етказиб беради.

Ана шу тизим 1960 йилда яратилган бўлиб, ичимлик суви етказиб беришга хизмат қиладиган қувурлар роппа-роса 60 йил ишлади. Масалан, Самарқандда бунёд этилган Сартепа масканига ўтказилган қувурлар ҳам 40 йил ишлади. Аммо 40 йилдан бери бирорта қувур янгилинган эмас. Шунинг учун бу тизимда носозликлар кўп, чириб бўлган қувурлардан сув чиқиб кетиши ҳар кунги муаммо. Мустақилликнинг илк 30 йилида ҳам бу соҳага эътибор деярли қаратилмади, ичимлик суви ва оқова сувлари тизимини таъмирлаш, янгилаш ишлари амалга оширилмади. Фақат охирги уч йил ичида аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга давлат сиёсати даражасида қаралди. Уч йил ичида, энг аввало, ичимлик сувини аҳолигача етказиб берадиган кучли насослар ва насос станциялари янгиланди. Сув қувурлари ҳам янгиланади, аммо бу осон иш эмас, вақт ва жуда катта маблағ талаб қилинади. Аммо давлат кўмагида бу иш тўлиқ амалга оширилади.

Мутасаддиларнинг айтишларича...

Айни дамгача бир куб сувни ишлаб чиқариш 2431 сўмга тушяпти, аммо аҳолидан сув учун 980 сўмдан олиб келинган. Натижада “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ 2020 йилнинг ўзини 38 миллиард сўм зарар билан якунлаган. Ҳолат шу тахлит давом этса, узоғи уч йилдан кейин “Самарқанд сув таъминоти” аҳолига бир томчи ҳам сув бера олмай қолар, яъни жамият қарзга ботиб, банкрот бўлар экан. Аслида, бугун талаб қилинаётган 1850 сўм ҳам сув таннархини қопламас экан. Сувни ишлаб чиқаришда энг катта харажат электр энергиясига сарфланар экан. Ундан кейин насосларни янгилаш ҳам катта харажат талаб қилар экан. Қолаверса, ишчиларнинг ойлик маошлари ҳам бор...

Блогерларга маълум қилинган айрим рақамлар

Вилоят аҳолисининг 66,8 фоизи тоза ичимлик суви билан таъминланган. Бу – ҳар уч кишидан бири ё “качалка”дан, ё ариқдан, ё машинада олиб келинадиган сувдан ичяпти, дегани!

Вилоят аҳолисининг 10,7 фоиз аҳолиси “канализация” тизимига уланган. Бу ҳар 10 кишидан 9 таси оддий гигиеник қулайликдан баҳраманд бўлмаяпти, дегани.

Савдо дўконида сотилаётган бир литр сувдан уйимизга етказиб берилаётган бир литр сувнинг нархи 2000 баравар арзон экан. Янги нархда эса, 1000 баравар арзон экан.

Бир кубометр ичимлик сувининг нархини 1850 сўм, оқова сувининг нархи 1300 сўм қилиб белгиланиши таклифи Молия ва монополия органлари, шунингдек, депутатлар муҳокамасидан сўнг тасдиқланган.

Энг муҳим маълумотлар: Ҳар бир кубометр сув нархининг устига “минган” 50 сўм вазирликни ривожлантириш учун бевосита вазирлик томонидан қўйилган устама нарх экан ва у янги ташкил қилинган “Сув вазирлиги” – “Ўзсувтаъминот” АЖ ҳисобига тушар экан.

Бугун биз бир кубометр сув учун тўлашимиз шарт бўлган 1850 сўмнинг нақд 1000 сўми Самарқанд вилоятида ичимлик суви тизимини яхшилаш учун олинган кредитни қоплаш учун кетар экан!

Охирги сўз

Мақолани ўқиб, Каримберди Тўрамурод “Ўзсувтаъминот” АЖнинг ёки “Самарқанд сув таъминот” МЧЖнинг оқловчиси экан, сув нархи оширилиши тарафдори экан, бундан ҳам қиммат қилишларини истар экан, деб ўйласангиз, жуда катта хато қиласиз. Мен ҳам истеъмолчиман ва ва сув, газ, электр токи арзон ва узлуксиз бўлишидангина манфаатдорман. Бирортасининг нархи ошишидан хурсанд бўлмайман. Сизлар каби оғринаман, асабим қақшайди.

Аммо шу жамият ичида яшар эканман, атрофда бўлаётган ишларга бефарқ қараб тура олмайман. Аввало, сув нархи ошгани муносабати билан “тўполон” қилаётган блогерларга мурожаат қиламан: Нега мана шу фаоллигингиз, “тўполончилигингиз”ни ҳар йили икки марта, баҳорда бир, кузда бир мунтазам суратда ГАЗ ва ЭЛЕКТР ТОКИ нархи ошганида кўрсатмайсиз? Ваҳоланки, электр токини ёки газни ишлаб чиқариш сувни ишлаб чиқаришдан кўра, кўп харажат талаб қилмаса керак?! Қолаверса, айнан газ ва электр токига тўлаётган пулимиз “чўққимизни ўймоқда”!

Нима қилиш керак?

Имкони бўлса, ичимлик суви тизимини яхшилаш учун банк берган кредитни давлат қоплаб берса, ўз-ўзидан ичимлик суви учун тўлайдиган пулимиз бирданига 1000 сўм арзон бўлар экан. Акс ҳолда, 2036 йилгача бу кредит тўлаб борилар экан, демакки, сув нархидаги 1000 сўм яна 15 йил “бўйнимиздан тушмайди”. Такрор айтаман, аҳолига қийин иш ДАВЛАТга осон!

Мутасаддиларнинг ваъда беришларича, барча насослар, асбоб-ускуналар янгиланиб бўлинса, айниқса, электр энергиясини тежайдиган замонавий насослар ўрнатилиб бўлинса, таъмирлаш харажатлари камайиб, сув таннархи пасаяр экан.

Энг асосийси, сувнинг нархи ошди ва энди гўшт нархи, нон нархи орқага қайтмаганидек, сув нархи ҳам орқага қайтмаслиги аниқ. Бунга кўниш ва кўникиш керак! Энди сувни тежаб ишлатимиз керак, бошқа иложимиз йўқ. Бунинг эса, йўллари кўп. Энг осони, сув сарфини қаттиқ назорат қилиш керак. Сув жиҳозларимиз яхши ишлаётганини, ортиқча сув оқмаётганини тез-тез текшириб туришимиз керак.

Энг охирида таъкидлаб қўймоқчиман: булар менинг шахсий фикрларим, қолганлар ҳам мен каби фикрласин, дея олмайман.

Сиз қандай фикрлайсиз?

Марҳамат, фақат қизишмасдан, ҳаяжонга, ҳиссиётга берилмасдан, айниқса, одоб-ахлоқ қоидаларини бузмасдан мулоҳазаларингизни билдиришингиз мумкин.

Айтганча, анжуманнинг видеотасвирларини блогер Муҳиддин Болиев саҳифасида, шунингдек, фейсбукдаги "Самарқанд сити" гуруҳи саҳифасида кўришингиз мумкин. Сизларга қизиқ бўлса, мен ҳам ўз саҳифамга жойлашим мумкин.

Маълумот учун: “Самарқанд сув таъминоти” алоҳида вазирликка қарайдиган мустақил жамият бўлиб, мен ишлайдиган вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига қарамайди.

Каримберди Тўрамурод.