Самарқандда Испаниянинг таниқли компанияси билан ҳамкорликда махсус автомобиллар ва тез тиббий ёрдам машиналари ишлаб чиқарилади

Ўзбекистон элчихонаси кўмагида «SamAuto» МЧЖ раҳбарларининг Испанияга амалий сафари ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» агентлиги.

Сафар чоғида Ўзбекистон вакиллари «Rodriguez Lopez Auto» компаниясининг Оренсе (Галиция) шаҳридаги заводида бўлиб, корхона раҳбарлари билан тез тиббий ёрдам машиналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича қўшма лойиҳани амалга ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Мамлакатимиз элчихонасидан олинган маълумотга кўра, «Rodriguez Lopez Auto S.L.U.» тез тиббий ёрдам ва махсус автомашиналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 40 йилдан ортиқ вақт мобайнида компания бозорнинг 65 фоиздан ортиқ қисмини эгаллаган ҳолда Испанияда тез тиббий ёрдам машиналарининг етакчи ишлаб чиқарувчисига айланган. Испания бозоридан ташқари, компания Германия, Нидерландия, Швеция, Англия, Франция, Бельгия, Словакия, Дания ва Португалия каби мамлакатларга ўз маҳсулотларини экспорт қилади. Бундан ташқари, Марокаш, Ливия, Сенегал, Ангола, Ўмон, Маврикий, Бангладеш, Чили, Перу, Эквадор, Колумбия, Венесуэла, Боливия, Панама, Коста-Рика ва Доминиканга ҳам тез ёрдам машиналари сотилмоқда. Ўтган вақт мобайнида компания дунёнинг 25 мамлакати учун 10 мингдан ортиқ тез тиббий ёрдам машинасини ишлаб чиқарган.

Компания маҳсулотлари ISO 9001:2015 сифат сертификатидан ташқари ЕИнинг 23 та сертификатига эга бўлиб, техник ҳамкорлик шартномалари мавжуд бўлган барча ишлаб чиқарувчилар томонидан вақти-вақти билан текширилади. Барча тез тиббий ёрдам машиналари Европа кўрсатмаларига мувофиқ сертификатланган ва EN1789: 2007 + A2 стандартига мос келади.

2021 йил 24-27 август кунлари «Rodriguez Lopez Auto» компанияси раҳбарлари Ўзбекистонда бўлиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, «Ўзавтосаноат» АКда музокаралар ўтказган, шунингдек, Самарқанд шаҳрида жойлашган «SamAuto» акциядорлик жамияти заводи фаолияти билан танишган.

Сафар давомида «SamAuto» МЧЖ директорининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Ҳусан Қобилов ва таъминот бўйича ўринбосари Баҳодир Қулиев корхонадаги ишлаб чиқариш, автомашиналарни тез тиббий ёрдам ва бошқа махсус автомашиналарга жиҳозлашнинг барча жараёнлари билан танишди.
«Rodriguez Lopez Auto» компанияси ижрочи директори Хосе Энрике Родригес Хорхе билан Самарқанд шаҳрида «SamAuto» заводи ишлаб чиқарyвчилари билан қўшма инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчисининг имкониятларидан келиб чиқиб, «ISUZU» енгил ва юк автомобиллари шассилари асосида махсус автомобиллар чиқаришнийўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Испания вакилларининг техник таклифлари тайёр бўлгани ва ҳамкорлик шакли бўйича келишувларга эришилгани боис, Ўзбекистондан Испанияга «SamAuto» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган бир нечта шассилар жўнатилиши ҳамда Оренсе шаҳридаги заводда уларга тез тиббий ёрдам машиналарини тажриба тариқасида ўрнатилиши кутилмоқда. Келгусида испаниялик мутахассисларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.

Лойиҳа ишга тушгач, йилига 500 дан 800 тагача тез тиббий ёрдам ва махсус автомашиналар ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, республиканинг идоравий ва хусусий тиббиёт муассасаларининг автотранспорт паркини янгилашга бўлган ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаш, шунингдек, маҳсулотларни нафақат қўшни давлатларга, балки МДҲ давлатлари ва Жанубий Осиё минтақаси мамлакатларига экспорт қилиш имконини беради.