Самарқандда “Тўмарис кубоги” II Халқаро турнири бошланди

Самарқанд шаҳридаги “Сартепа” спорт мажмуасида камондан отиш бўйича аёллар ўртасида “Тўмарис кубоги” иккинчи халқаро турнири старт олди.

Мусобақанинг очилиш маросимида Осиё камондан отиш федерацияси вице-президенти Кази Ражиб Аҳмед Чапол, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Мамиржон Ганиев, вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этди.

Мазкур мусобақа давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 17 июндаги “Камондан отиш спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтган йил илк бор халқаро турнир сифатида ўтказилган эди.

Бу галги турнирда юртимиз вакиллари билан бирга Бангладеш, Ҳиндистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган 55 нафар мерган қатнашмоқда.

- Ўтган йил мазкур мусобақада терма жамоамиз билан учинчи ўринни қўлга киритган эдик, - дейди камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Мунира Нурмонова. - Бу йил терма жамоа сафида 4 нафар ҳамда Самарқанд, Бухоро, Навоий, Фарғона, Наманган вилоятларидан 26 нафар мерган юртимиз шарафини ҳимоя қиляпти. Мусобақага муносиб тайёргарлик кўрилган. Насиб этса, совринли ўринларни қўлга киритамиз.