Самарқандда туризм яна жонланяпти

Узоқ вақт давом этаётган пандемия сабаб бутун дунёда туризм соҳаси айрим кутилмаган салбий ҳолатларга дуч келди. Оқибатда кўпгина мамлакатларда бу соҳа фаолияти орқага кетди. Қувонарлиси, мамлакатимизда туризм йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳага ҳукумат томонидан ажратилган имтиёзлар сабаб соҳа ривожланишда давом этмоқда. Юртимизга хорижий сайёҳлар ташрифи яна жонланяпти.

Шундай экан, уларга муносиб шароитлар яратиш, очиқ осмон остида, табиат қўйнида дам олиш масканларини ташкил этиш зарурати пайдо бўляпти. Кеча вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси томонидан ана шундай янги туристик манзилларга пресс-тур уюштирилди.

Журналист ва блогерлар энг аввал Самарқанд туманидаги “Barkhan Hall” туристик масканида бўлди. Ушбу туристик манзилнинг Самарқанд-Қарши йўлида жойлашганлиги маҳаллий сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратилиши билан эътиборни тортади. Бу маскан ҳали тўлиқ қуриб битказилмаган бўлса-да, ўз фаолиятини йўлга қўйиб, маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатмоқда. Келажакда бу ерда уч юлдузли меҳмонхона ва оилавий дам олиш бўлимлари ташкил этилиши режалаштирилган.

Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари “Жаннат Макон” туристик дам олиш маскани фаолияти билан танишди. Ушбу дам олиш манзилгоҳида меҳмонлар учун барча қулайликлар яратилган. Маскан шаҳар шовқинидан ҳоли, табиат қўйнида жойлашган. Ёзнинг иссиқ кунларида бу ер маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг дам олишлари учун энг қулай манзилга айланиши, шубҳасиз.

- Дам олиш масканимизда меҳмонлар кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришлари учун супа, фавворали ҳовуз, тамаддихона ташкил қилганмиз, - дейди туризм маскани иш бошқарувчиси Баҳодир Набиев. - Сайёҳлар учун алоҳида меҳмонхона мажмуаси мавжуд. Табиат қўйнида кичик ҳайвонот боғи ташкил этдик. Унда туяқуш, туя ва турли ноёб ҳайвонлар бор.

Иштирокчилар тадбир давомида “Делфин” спорт мажмуасида ҳам бўлди. Бу ерда спортнинг сузиш тури билан шуғулланувчи болалар ва катталар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мажмуада аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида сузиш ва шу йўналишдаги спорт турлари билан шуғулланиш учун барча шароитлар яратилган. Шунингдек, бу ерда янги авлод профессионал спортчилари тайёрланмоқда.

Саломатлик ва спорт билан боғлиқ бўлган кейинги манзил Самарқанд шаҳридаги Якка кураш турларига ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мажмуаси бўлди. Бу ерда ёшлар дзюдо, самбо, бокс, таэквандо ва юнон-рум кураши каби спорт турлари билан мунтазам шуғулланмоқда. Муассаса ходимлари пресс-тур иштирокчиларини спорт мактаби тарихидан дарак берувчи музей, фахрийлар ва устозлар бурчаги ҳамда машғулотлар олиб бораётган ёш спортчилар ҳамда мураббийлар фаолияти билан ҳам таништирди.

Сулаймон МАРДИЕВ.