Самарқандда вируссиз уруғлик картошка етиштирилади

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида Жанубий Корея билан ҳамкорликда амалга оширилаётган “Ўзбекистонда картошка уруғчилик тизимини янада ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда вируссиз уруғлик картошка етиштириш бўйича халқаро семинар ўказилди.

Семинарда Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Корея қишлоқ жамияти корпорацияси, Тожикистон Қишлоқ хўжалиги фанлари академияси, Кореянинг KOPIA дастури ва бошқа ташкилот вакиллари иштирок этди.

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ректори Шавкат Ҳасанов, Корея қишлоқ жамияти корпорацияси Марказий Осиё ODA ваколатхонаси директори Жанг Жеонгреол, Корея KOPIA дастури раҳбари Ким Жае Ҳюн амалга оширилаётган лойиҳа, Ўзбекистонда картошка уруғчилигини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.

Маълумотларга кўра, юртимиз аҳолисини картошка билан тўлиқ таъминлаш учун 4,1 миллион тонна ҳамда уруғлик учун 550-600 минг тонна уруғлик картошка талаб этилади. Лекин юртимизда 3,7-3,8 миллион тонна картоша етиштирилади. Хусусан, жорий йилда барча тоифадаги хўжаликларда 286 минг гектар майдонда картошка экиш ва 3,8 миллион тонна ялпи ҳосил олиш белгиланган. Ўтган йил Покистон, Қозоғистон, Афғонистон, Россия, Қирғизистон ва Эрон давлатларидан истеъмол учун 703 минг тонна ҳамда уруғлик учун 1,2 минг тонна картошка импорт қилинган.

– Лойиҳанинг асосий мақсади Ўзбекистонда импорт ўрнини босувчи уруғлик картошка етиштиришнинг илғор технологияларини ишлаб чиқишдир, – дейди ректор Шавкат Ҳасанов. – Бу борада мутахассислар ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар илмий асосланган таклифлар берилади, уларнинг билимлари оширилади. Жумладан, шу пайтгача 10 нафар фермер хорижда ўқитилди ва 6 нафар соҳа мутахассиси Кореяда малака ошириб келди. Институтимизда инвитро лабораторияси ташил этилиб, соғлом картошка кўчатлари тайёрланмоқда. Гидропоника иссиқхонаси ва 3 гектар майдонда Nethouse барпо этилиб, йилига 30 минг дона микро ва минитуганаклар етиштирилмоқда.

Семинарда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи З.Ортиқов юртимизда картошка уруғчилигининг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида маъруза қилди. Ушбу йўналишда Самарқандда, хусусан, мазкур институтда амалга оширилаётган лойиҳанинг самарасига эътибор қаратди.

Халқаро боғдорчилик институти менежери, профессор Чо Ҳюн-Моок картошка етиштиришнинг глобал тизимлари ва унинг Ўзбекистонда қўлланилиши бўйича тадқимот қилди. Профессор янги нав яратишдаги асосий жиҳатлар, иқлим шароитининг муҳимлигини қайд этди. Ўзбекистон картошка етиштириш учун катта имкониятларга эгалиги, тажрибалар давомида турли вирус ва заруркунандаларга кам дуч келишаётганлиги, бу эса яқин келажакда Ўзбекистон картошка экспорт қила оладиган салоҳиятга эга бўлишидан далолат беришини таъкидлади.

Семинарнинг иккинчи куни уруғлик картошка ишлаб чиқариш ва сақлаш омборига саёҳат ташкил этилди. Шунингдек, институт иссиқхонаси ва инвитро лабораториясида уруғлик картошка тайёрлаш жараёнлари билан танишилди.