Самарқанддаги бир нечта олийгоҳ қайта ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил 26 май куни "Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" Қарор қабул қилди.
Ушбу қарор асосида:
- Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этилади;
- Самарқанд давлат университетига Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали қўшиб олинади;
- Самарқанд давлат педагогика институтига Самарқанд давлат университети Ургут филиали қўшиб олинади ҳамда мазкур филиал базасида Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети фаолияти йўлга қўйилади;
- Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали қўшиб олинади.
Талабалар ўқишини қаерда давом эттиради?
Президент қарори билан қуйидагилар белгиланди:
- Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети талабалари ўқишини Самарқанд давлат техника университетида;
- Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ҳамда Самарқанд давлат университети Ургут филиали Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультети талабалари ўқишини Самарқанд давлат университетида;
- Самарқанд давлат университети Ургут филиалининг Педагогика ва тилларни ўқитиш факультети талабалари ўқишини Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультетида;
- Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали талабалари ўқишини Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида давом эттиради ҳамда белгиланган тартибда ўқиш якуни бўйича уларга мазкур олий таълим ташкилотларининг дипломи берилади.
- Самарқанд давлат университети Ургут филиали Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультетининг 2025/2026 ўқув йилида таҳсил олаётган талабаларига ўқишни тугатгунига қадар Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети биносида таълим олиш имконияти яратилади.