Самарқанддаги ишчиларга 6 ойда қарийб 800 миллиард сўм тўланди
Самарқанд вилояти бўйича апрель-сентябрь ойларида 791,5 миллиард сўм ишчи-ходимларга ойлик иш ҳақи тўловлари тўлаб берилди. Жумладан, умумий ўрта таълим муассасалари учун 606,5 миллиард сўм, мактабгача таълим муассасалари учун 94,2 миллиард сўм, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларига 63,5 миллиард сўм, спорт ва маданият муассасаларига 27,3 миллиард сўм маблағ тўланди.
Бу ҳақда Матбуот уйида вилоят ғазначилик бошқармаси бошлиғи Ойбек Ҳамдамов Президентимизнинг коронавирус пандемиясининг иқтисодий тармоқларга салбий таъсирини юмшатиш, аҳоли ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган фармон ва қарорлари ижросига қаратилган брифингда маълумот берди.
Қайд этилишича, Президентимизнинг жорий йил 30 июлдаги фармонига асосан 46,4 миллиард сўм ва 26 августдаги қарорига асосан пандемия даврида инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун 35,8 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Шунингдек мазкур фармон билан тадбиркорлик субъектларига имтиёз ва преференциялар берилди. Инқирозга қарши кураш жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоятдаги кичик саноат зоналари инфратузилма объектларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари учун 22,2 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Бундан ташқари, Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 22 та умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 57 миллиард сўм, 6 та мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш учун 20 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 1000 ўринли карантин зонаси қурилишига 59,3 миллиард сўм ва йўлларни таъмирлаш учун 100 миллиард сўм, ирригация ва мелиорация объектлари учун 10 миллиард сўм молиялаштиришган.
Пандемия даврида инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан коронавирус инфекциясига қарши курашиш тадбирлари учун 131,9 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Жумладан, вилоятимиздаги тиббиёт, санитария ва эпедемиология хизмати ходимларининг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар учун 20,1 миллиард сўм, 14 кунлик фаолият даври учун белгиланган 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача бўлган махсус рағбатлантириш тўловлари учун 55,2 миллиард сўм миқдорида маблағ тўланди. Беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган ходимларга тўланадиган бир марталик (100 миллион сўмдан) махсус тўловлар учун 1,1 миллиард сўм тўлаб берилди. Ходимнинг лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар (СЭОМ ходимлари учун) 3,5 миллиард сўм миқдоридаги маблағ тўланди.
Вилоят ҳокимининг қўшимча маблағлари ҳисобидан жами 21 миллиард 907 миллион сўм маблағ ажратилди.
Жумладан, дори-дармон захирасини яратиш мақсадида 5 миллиард 675 миллион сўм, 108 та “Дамас”, 10 та “Volkswagen Caddy” тез ёрдам автомашинаси ва 2 та “ISUZU” (автофургон) махсус автомашинаси сотиб олиш учун 12,8 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. 5 та замонавий “Рентген” аппарати учун 2 миллиард 290 миллион сўм, туман-шаҳарлар маҳаллий бюджетларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан коронавирус пандемиясига қарши курашиш тадбирлари учун 1 миллиард 132,8 миллион сўм маблағ ажратилди.