Самарқанддаги маҳаллий саноат корхоналари қандай ишлаяпти?

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш сиёсатининг ҳозирги босқичи қандай кечяпти? Давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган ва давлат бюджети томонидан молиялаштирилиб келаётган инвестицион лойиҳаларда маҳаллий маҳсулотлар улуши ошяптими?

Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуров, вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Н.Ибрагимов бошчилигида вилоятдаги ижтимоий объектларни қуриш ишларига масъул вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ва ташкилотлари раҳбарлари, йўл қурилиши ва ободончилик ташкилотлари ҳамда молия идоралари раҳбарлари масъулияти чекланган жамият шаклидаги “AZIA METALL PROF” қўшма корхонасида бўлди. Бу ерда корхонадаги ишлаб чиқариш цехлари ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турлари, сифати билан танишиш мақсадида семинар уюштирилди.

Бугунги кунда вилоятимизнинг энг йирик иш берувчиси ва экспортёрларидан бирига айланган “AZIA METALL PROF” қўшма корхонаси “Ургут” эркин иқтисодий зонасининг “Хишрав – 2” ҳудудида, олдинги чиқиндилар ташлаб келинган майдонда қад кўтарди. Корхона 2018 йилдан бошлаб ҳар йили янги инвестицион лойиҳаларни ишга туширди ва вилоятда янги металлургия саноатига асос солди. Хорижий тадбиркорнинг мамлакатимизда олиб борилаётган тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, корхоналарнинг тараққиёти учун шароитлар яратиш, жамиятда ишбилармонларнинг нуфузини оширишга қаратилган сиёсатга, унинг маҳаллий ҳамкорига ишончи қисқа муддатда корхонани жадал ривожланишга олиб келди.

- Бугунгача корхонада жами 577,6 млн. доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, унинг 223,4 млн. доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳиссасига тўғри келган, - дейди вилоят ҳокимининг ёрдамчиси Нозир Ибрагимов. - Корхонада 13 турдаги металл қувурлар, 17 турдаги металл профиллар, асоси пукакли, шиша ва базальт толасидан бўлган сэндвич панеллар, рухланган ва турли ранглар билан полимерланган тунукалар, гипсокартон ва бошқа пардозлаш материаллари учун металл профиллар, қурилиш симлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, жами 400,0 минг тонна металл маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилган. Корхона ишлаб чиқариш цехларида 1000 дан ортиқ иш ўринлари яратилган ҳамда янги цехларни қуриш ва қурилмаларни ўрнатиш жараёнларида 500 дан ортиқ хорижий ва маҳаллий мутахассислар ва ишчилар меҳнат қилмоқда.

Корхона раҳбарлари ва мутахассислари тадбир иштирокчилари саволларига жавоб бериб, уларга корхона маҳсулотлари ва уларнинг бугунги кунда сотиш нархлари ҳақида маълумотлар тарқатди.

Шу куннинг ўзида қурилиш комплекси мутасадди раҳбарлари яна бир корхона – Жомбой туманидаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги “SHELF VOSTOK” қўшма корхонасига ташриф буюриб, бу ерда ҳам ишлаб чиқариш жараёнлари ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан танишди.

Хорижий инвесторлар 2020 йилда ўзларининг бизнес ғоялари, техника ва технологияларини киритиб, маҳаллий тадбиркор билан ҳамкорликда ушбу корхонани ташкил этган. Уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли умумий қиймати 6,0 млн. доллар бўлган инвестицион лойиҳа амалга оширилган. Натижада ёқилғи қуйиш шохобчалари учун барча турдаги жиҳозлар, йирик сиғимдаги резервуарлар ҳамда кўчма ёқилғи қуйиш шохобчаларини ишлаб чиқариш маҳаллийлаштирилиб, саноатда янги йўналишга асос солинди.

- Ушбу семинар ва вилоятимиздаги салоҳиятли икки корхона фаолияти билан танишув келгусида вилоятда барча инвестицион дастурлар доирасидаги қурилиш-монтаж ишларини ташкил этиш учун жуда фойдали бўлди, - дейди Н.Ибрагимов. – Чунки қурилиш корхоналари сифатли, арзон ва ортиқча техника харажатларини талаб қилмайдиган қурилиш материаллари шу ердан харид қилишлари мумкин. Муҳими, бюджет маблағлари тежалади ва сарфланадиган пул, солиқ тушумлари вилоятнинг ўзида қолади.