Самарқанддаги суғориладиган ерларнинг бонитети ўртача 10 баллга камайган, 48 фоизга яқини суғориш эрозиясига учраган

Самарқанд вилоятида суғориладиган ерларда гумус миқдори кейинги 50-60 йилда ўртача 50 фоиздан камайиб кетди. Бу ҳароратнинг ортиши, асосий суғориладиган майдонларда қатор орасига ишлов бериладиган экинлар салмоғининг кўплиги, органик ўғитларнинг қониқарсиз даражада берилиши, ҳар йили вегетация охирида ўсимлик биомассаси билан бирга тупроқдан озуқа моддаларнинг олиб чиқиб кетилиши, суғориш эрозияси ва шўрланиш жараёнларидир. Юқорида қайд этилган ҳолатлар туфайли тупроқнинг физикавий (сув, иссиқлик, ҳаво) кимёвий, биологик, агрокимёвий хоссалари ёмонлашиб унумдорлиги пасайиб бормоқда.

Дунё миқёсида деҳқончиликда фойдаланиладиган ерларнинг 9 фоиз қисми суғориладиган ерларга тўғри келади. Шуни таъкидлаш лозимки, дунё бўйича қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг 65 фоизини суғориладиган ерлар ҳиссасига тўғри келади.

Ҳозирда вилоятдаги суғориладиган ерларнинг бонитет баллари ўртача 10 баллга камайган. Қишлоқ хўжалик экинлари экиладиган майдонларнинг 48 фоизга яқини суғориш эрозиясига учраган. Бу билан вилоят бўйича ҳар йили 32-35 минг тонна пахта ҳосили йўқотилмоқда.

Деҳқончиликдаги яна бир муҳим муаммолардан бири вилоятнинг тупроқ-иқлим шароитига мос алмашлаб экиш жорий этилмаганлигидир. Алмашлаб экиш деҳқончиликнинг асосий қонуни бўлиб, унга ота-боболаримиз амал қилиб келган. Томорқа, деҳқон-фермер ва фермер хўжаликларида бу қонунга амал қилиш деҳқончиликда яхши натижалар беради.

Тупроқ унумдорлигини сақлашда ғалла ўрилган майдонлардаги сомонни ёқиш энг нохуш ҳолатлардан бири. Кузги ғалла экинлари қолдиғини ёқиш натижасида тупроқ ҳарорати кескин ошиб кетади ва натижада тупроқдаги органик моддаларнинг оксидланиши туфайли гумуснинг катта қисми минераллашади.

Буғдой сомони ва илдизлари билан бирга ёқилганда атмосферага углекислота, азот оксидлари, тутун ва кул моддалари қўшилиб, “иссиқхона эффекти”ни ҳосил қилади. Олимларнинг ҳисоблашича, 1000 гектар ердаги кузги ғалла пояси ва илдизлари ёқилганда, атмосферага 500 килограмм азот оксиди, 370 килограмм углеводлар, 3 тонна кўл моддаси ва 20 тонна карбонат ангидрид ажралиб чиқади. Булар ҳавони ифлослаб, инсон саломатлигига зарар етказиши билан бирга, глобал исиш жараёнини тезлаштириб, атмосферадаги азон қатламининг емирилишига олиб келади.

Кузги буғдой ҳосилдорлиги гектарига 25-30 центнер бўлганда, поя ва илдизлари ёқилса, ҳар бир гектар ердан 1,5 тонна гумус парчаланиб, унинг таркибидаги ўсимлик учун асосий озуқа ҳисобланган 75 килограмм азот йўқотилади. Йўқотилган 1,5 тонна гумусни тиклаш учун гектарига 15 тонна ярим чириган гўнг керак бўлади. Шуни таъкидлаш керакки, озуқа моддалар миқдорига кўра, 1 тонна буғдой пояси 3-4 тонна гўнг тўғри келади. Демак, 3 тонна сомон ёқилса, 9-10 тонна гўнг йўқотилгандай бўлади.

Вилоятда кузги буғдой ҳосили йиғиштириб олингандан сўнг вегетация даври 90-100 кунлик экинларни экиш учун қулай давр ҳисобланади. Бу ҳолат кузги буғдойдан бўшаган ерларга такрорий, оралиқ экинларни экиб, иккинчи ва ҳатто учинчи ҳосил олиш имконини беради. Деҳқонларимиз азалдан бундай ерларга такрорий, анғиз дон экинларидан тариқ, қўноқ, мош, оқ жўхори, маккажўхори, ловия, маржумак каби экинларни экиб келган.

Зарафшон воҳасида арпа, буғдой ҳосили етиштирилгандан кейин кузги совуқларгача бўлган даврда ФАР (фотосинтетик актив радиация) йиғиндиси 13,0-17,1 миллион МДЖга тенг бўлиб, у Қуёш энергияси такрорий экинлар экилмаганда фойдаланмасдан бекорга сарф бўлиб кетади.

 Шундай қилиб, дуккакли оралиқ экинлар икки экин оралиғида бўш қоладиган вақтда ерни банд қилади ва бир йилда уч марта ҳосил олиш имконини беради. Бундан ташқари, дуккакли экинлар ҳар бир гектар ерда 60-80 килограмм соф биологик азот тўплайди. Минерал азотли ўғитнинг фойдалилик даражасини ҳисобга олсак, бу қарийб гектарига 200 килограмм минерал азотга тенг келади. Агар бу биологик ўғит миқдори гектарига 15-20 тонна гўнгга тўғри келади.

Шодиқул ХОЛИҚУЛОВ,

Самарқанд давлат университети тупроқшунослик ва агротехнологиялар кафедраси мудири, профессор.