Самарқанддаги тўйда китоб тарқатилди
Мен сизга айтмоқчи бўлган воқеа эртак, афсона ёки ёлғон эмас, бўлган воқеа. Ўтган замонда эмас, ҳозирги замонда, айнан шу кунларда бўлган воқеа. Бу ҳақда “Самарқанд” газетаси ёзмоқда.
Камина тўйма-тўй юришни унча ёқтирмайман. Сабаби, биринчи навбатда у ердаги исрофгарчиликларни кўриб, жуда хафа бўламан, одамлар ўзларининг бойликларини кўз-кўз қилишларига ҳеч ҳам тоқатим йўқ. Ярим яланғоч кийинган аёллар, бир-бирини “чўлп-чўлп” ўпаётган ширакайф эркаклар, микрофонда оғзини қимирлатиб “жонли” куйлаётган санъаткорлар, эркакларга суйкалаётган раққосаларни кўришга тоқатим йўқ. Энг ёмони, тўйхонада гумбурлаётган шовқин-сурон қон босимимни кўтаради. Шу сабаб тўйларга ишқибоз эмасман. Шу сабаб дўстларим мени танқид қилишади. Шу сабаб фақат яқин қариндошлар, дўсту биродарларнинг тўйларига ноиложликдан бораман.
Худди шундай яқин дўстларимдан бири фарзандларининг суннат тўйига таклиф қилди. Унчалик катта бўлмаган базмхонага икки юз, уч юз чоғли одам тўпланган. Дастурхон ҳам ўртамиёна. Ичимликлар ҳам меъёрида. Санъаткорлар ҳам ўз обрўйини биладиган, санъатдан хабардор инсонлар экан, куй-қўшиқлар ва уларнинг ижроси ҳам асабга тегмайди.
Бошловчи тўй болаларни олқишлар экан уларнинг барчасини саҳнага таклиф қилди. Тўй қилаётган дўстимиз икки нафар фарзандини, унинг икки укаси эса биттадан ўғлини суннат қилдираётган экан. Болажонлар саҳнага чиқиб келишди. Бошловчининг чорлови билан болажонларга тўй совғалари улашиш учун амакию тоғалар, аммаю холалар, бобою момолар бирма бир саҳнага чиқишди. Бизни ҳайратга солгани болажонларга берилган тўй совғаларининг асосий қисмини китоблар жамланмалари ташкил қилганди.
- Мана, болажонларнинг бобоси уларга нима совға қилди, кўрамиз, - деди бошловчи баланд ва ҳаяжонли овозда. – Қойил, отахонга олқишлар, яшанг ота, набираларнинг ҳузурини кўринг. Отахонимиз набираларига китоблар жамланмаси совға қилибдилар. “Сариқ девни миниб”, “Шум бола”, “Ҳаётга муҳаббат”, “Баҳор қайтмайди”, “Ўткан кунлар” ва бошқаларни совға қилибдилар. Раҳмат отахон! Раҳмат!
Ҳамманинг эътибори саҳнага қаратилди. Ҳақиқатан ҳам совға кўтариб чиққанларнинг аксарияти болалар адабиётларидан таркиб топган китобларни болажонларга совға қилаётган эди. Тўйхонада ўтирган кўпчилик учун бу кутилмаган янгилик эди!
Энг муҳими, бошловчи тўй болаларни гапга солди бири ўзи қизиққан соҳа ҳақида гапирди, иккинчиси шеър айтди, учинчиси қўшиқ куйлади. Хуллас, мен тўйда ўтирганимни эсимдан чиқарибман. Тўй ҳақиқий маънавий-маърифий тадбирга уланиб кетди.
- Меҳмонлар яхши ўтирибсизларми, дастурхонга қаранг, - деди столимизга яқин келган тўй эгаси бўлган дўстимиз.
Ёнимга чақириб, тўй болаларга берилган совға барчани ҳайратга солганини, бу ажойиб ғоя бўлганлигини, отахонга бизнинг номимиздан раҳмат айтиб қўйишини тайинладим.
- Меҳмонларга ҳам совғамиз бор ҳали, - деди тўйнинг эгаси. – Илтимос, кетиб қолманглар.
Мезбон айтганидек, тўй ниҳоялаб борар экан, хизматчилар ҳар бир столга келиб елим халтага солинган совғаларни меҳмонларга тарқата бошлади. Навбат бизнинг столга ҳам етиб келди. Елим ҳалтани секин очиб, ичидаги китобларга назар ташладим. Бир биридан оқил ва доно муаллифларнинг пурмаъно фикрлари жамланган ажойиб ва нодир қитоблар эди. Бу совғадан барчамизнинг кўнглимиз тоғдек кўтарилди.
Тўйнинг эртаси куни дўстимга телефон қилиб ҳол-аҳвол сўрадим. Бу ҳақда ёзмоқчи эканимни унга айтганимда у камтарлик билан “илтимос, менинг исмимни ёзманг, кўпчилик нотўғри тушуниши мумкин” деди. Унинг илтимосига биноан исмини ёзмадим. Лекин бу инсон сиз билан биз яшаётган мана шу гўзал Самарқандда истиқомат қилади. Агар, ким менинг дўстимдек тўй қилишни истаса, мен уни таништириб қўйишим мумкин.
Ҳаким ЖЎРАЕВ.