Самарқанддаги “За линия” ҳудуди шаҳарчага айлантирилади

Президент Ш.Мирзиёев пандемия даврида иқтисодий инқирознинг олдини олиш бўйича ўтказган селектр йиғилишида Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов бу борадаги ишлар бўйича ахборот берар экан, Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган янги лойиҳалар тўғрисида маълумот берди.

Гап шаҳардаги вакзалорти, яъни халқ тилида “За линия”, деб ном олган мавзе устида бормоқда. Бир томони темир йўл, иккинчи томони “Сиёб” ариғига туташ, атрофи жарликлардан иборат бу манзил йиллар давомида эътибордан четда қолган. Яшириб нима қилдик, бир замонлар жазодан қочганлар, жамиятда ўрин топа олмаганлар шу масканда яшаб келган.

Эски, вақтинчалик савдо дўконларини ҳисобга олмасак, бу ҳудудда хизмат кўрсатиш шохобчалари йўқ, жамоат транспорти қатнови йўлга қўйилмаган. Тўғри, мавзедаги йўлларга асфальт ётқизилди, мактаб, болалар боғчалари таъмирланди, тунги ёритгичлар ўрнатилди. Бироқ ўз вақтида уй-жойларнинг тартибсиз, жар ёқаларига, ҳатто ноқонуний қурилгани, маҳалла фаолларининг ҳаракати кўнгилдагидек натижа бермаяпти. Умумфойдаланишдаги ҳовлиларда ўзбошимчалик билан қурилган хонадонлар йўлларни ёпиб қўйган.

Шу сабабли бу мавзеда 16-20 минг аҳоли яшайдиган шаҳарча қуриш лойиҳаси тузиляпти. Бу ерда энг аввало 30 га яқин кўп қаватли уйлар, мактаб, маҳалла маркази, болалар боғчаси, истироҳат боғи, спорт ва савдо мажмуалари, бошқа хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилади. Натижада жар ёқасидаги уйлар ичкарига олиниб, сайр қилиш майдончалари барпо этилади. Ўзбеккенти қишлоғи орқали Зарафшон дарёсидаги корхоналардан шағал ташувчи оғир юк машиналарига алоҳида йўл очилади. Қорасув массивидан шаҳарга кирувчи йўл шу мавзе орқали ўтади, канаилизация тармоғи тортилади.

Президент ушбу лойиҳа билан Самарқандга ташрифи чоғида, албатта танишиб ўз тавсияларини беришини айтиб ўтди.