Самарқандда “Лойиҳалар фабрикаси” очилди

Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Лойиҳалар фабрикаси”нинг тақдимоти билан танишиб, келажакда Ўзбекистонга кириб келаётган барча инвестициялар ҳудудлардаги лойиҳалар фабрикасида ўрганишдан ўтиш кераклигини таъкидлаганди. Билдирилган таклиф асосида Ташқи иқтисодий фаолият “Миллий банк” вилоят филиалининг моддий-техник кўмагида вилоятимизда ҳам “Лойиҳалар фабрикаси” иш бошлади.

Ушбу фабрика юқори қўшилган қиймат яратувчи истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу ерда инвестор ва тадбиркорларга маҳаллий ҳокимлик, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан амалий ёрдам кўрсати¬лади. Фабрика мутахассислари лойиҳалар ишлаб чиқиш, техник иқтисодий асослар ва бизнес-режа тузишда тадбиркорларга кўмаклашишдан ташқари, ҳудудларнинг ички салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда жойларда тегишли лойиҳаларни, бизнес юритиш имкониятларини ўрганиш бўйича иш олиб боради.

Фабрикада хориждаги элчихоналаримиз орқали инвесторлар билан ишлаш имконияти ҳам яратилмоқда. Яъни, чет элдан келган инвесторларга ҳудуд имкониятларидан келиб чиққан ҳолда тайёр инвестиция лойиҳалари ҳам тақдим этилади.

Яқинда вилоят ҳокими ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи О.Ходжаев, бошқарма бўлим бошлиқлари “Лойиҳалар фабрикаси” ходимлари иштирокида ўқув-тренинг шаклида учрашув ташкил этилди. Учрашувда “Лойиҳалар фабрикаси” мутахассисларининг тадбиркорлар, инвесторлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий тузилмалари вилоят, туман-шаҳар миқёсидаги маҳаллий органлар ва тижорат банклари билан ўзаро ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Бу инвестиция лойиҳалари ташаббускорларига кўрсатилаётган амалий кўмак сифати ҳамда самарадорлигини таъминлайди. Вилоятнинг инвестиция фаоллигига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, “фабрика” фаолиятини ҳар томонлама кучайтириш, ходимларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор берилади.

Дилфуза Холмирзаева.