Самарқанддан 7,5 минг киши Афғонистондаги урушда иштирок этган
Бугун Афғонистонда ҳарбий ҳаракатлар тугатилиб, ҳарбий қисмларни ушбу мамлакатдан олиб чиқилганига 34 йил ҳамда Ўзбекистон “Ветеран” жангчи-фахрий ва ногиронлар бирлашмаси ташкил этилганига 30 йил тўлди.
Шу муносабат билан Самарқанд шаҳридаги Хотира майдонида ҳарбийлар, фахрий жангчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.
Йиғилганлар иштирокида "Мотамсаро она" ҳайкали пойига гул қўйилиб, бугунги тинч ва осуда кунлар учун жонини фидо қилганлар хотираси ёдга олинди.
- Самарқанддан 7,5 минг киши Афғонистондаги урушда иштирок этган бўлиб, 165 нафари ҳалок бўлган, 3 нафари бедарак йўқолган, - дейди Халил Ибрагимов. - Бугунги кунда вилоятда 6200 нафардан ортиқ Афғон уруши иштирокчиси бор. Худога шукр бугун юртимиз тинч. Урушда ҳалок бўлган байналмилалчи жангчилар хотираси абадийлаштирилмоқда, биз каби фахрий жангчиларга эътибор кўрсатиляпти.
Тадбир давомида фахрий жангчилар Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор масканларига саёҳат қилди ва байрам дастурхони ёзилди.
Бундай тадбирлар вилоятнинг барча туманларда ташкил этилмоқда.