Самарқанддан Иркутскка учган самолётдаги 61 нафар йўловчининг багажи аэропортда қолдирилган

"IrAero" авиакомпанияси томонидан 28 февраль куни Самарқанд–Иркутск йўналиши бўйича IAE598 рақамли чартер парвози RRJ-95 (Sukhoi Superjet 100) ҳаво кемасида амалга оширилган.

Самарқанд халқаро аэропортидан жўнаб кетишдан олдин ҳаво кемаси экипажи томонидан маршрутдаги шамолнинг тезлиги ва йўналишини ҳисобга олган ҳолда етарлича ёнилғи қуйиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шу сабабли экипаж аъзолари Самарқанд халқаро аэропортидан жами 90 нафар йўловчи ва 423 кг. юк билан учиб кетишган.

Ушбу самолётда ўша куни учиш вазни чегараланганлиги сабабли 61 нафар йўловчининг багажи Самарқанд аэропортида бортга ортилмаган.

"IrAero" авиакомпаниясидан олинган маълумотга кўра, йўловчиларнинг қолиб кетган багажларини "Сибир" авиакомпаниясининг 2 мартга режалаштирилган "Самарқанд–Иркутск" йўналишидаги чартер парвози билан етказилишига келишилган.