Самарқандлик аёл вилоят хотин-қизлар қўмитаси кафиллигида қамоқдан озод қилинди
Ургутлик Хосиятга (исмлар ўзгартирилган) суднинг ҳукми билан ҳукмлар мажмуи бўйича узил-кесил 10 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ўта хавфли рецидивисит деб топилган ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланган.
У 2011 йил 23 май куни ички ишлар идоралари ходимлари томонидан Самарқанд шаҳрида ўтказилган гиёҳвандлик воситасини сотиб олиш тезкор тадбири давомида қўлга олинган.
Чунки Хосият тадбирда харидор сифатида жалб қилинган Анвар, Халима ва Жасминаларга кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситаси сотишини билдириб, улар билан героин гиёҳвандлик воситасининг бир граммини 60 000 сўмдан ва опий гиёҳвандлик воситасининг бир граммини 8 000 сўмдан келишган. Шу куни Санжардан тезкор тадбирда сарф қилиш учун берилган 1 миллион 200 минг сўмни олиб, 10 грамм героин ва 100 грамм опий гиёҳвандлик воситаларини олиб келиб беришини ваъда қилади.
У жиноий мақсадини амалга ошириш учун гиёҳвандлик воситасини сотиб ўтказишлиги тўғрисида ўзининг ҳамкишлоғи бўлган таниши, жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилган шахсга айтиб, юқорида қайд қилинган гиёҳвандлик воситасини топиб беришни сўрайди ҳамда 900 минг сўмга савдолашади ва унга пулни беради.
Бундан ташқари, Хосият кўзлаган жиноий режасини давом эттириш ва кўп миқдордаги гиёҳвандлик воситасини сотиб ўтказиш ҳамда моддий манфаатдор бўлиш мақсадида 2011 йил 24 май куни эрталаб ўзининг яшаш уйи олдида ўзаро келишувга асосан ҳамқишлоғи, жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилган шахсдан 9,05 грамм кўп миқдордаги героин гиёҳвандлик воситаси ва 86,83 грамм кўп миқдордаги опий гиёҳвандлик воситасини олган.
Шундан сўнг у гиёҳванд воситаларни Самарқанд шаҳрида жойлашган кийим-кечак бозори олдига қонунга хилоф равишда ташиб келиб, вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилаётган тезкор тадбирда харидор сифатида жалб қилинган Халима ва Жасминаларга сотган вақтда тезкор ходимлар томонидан ушланган.
Хосият шикоятида айбига тўлиқ иқрорлиги ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жазони ўташ давомида ўзига тегишли хулоса чиқарганлиги, аёллигини, оилавий шароитини, оиласида ягона боқувчи эканлигини инобатга олиб, тайинланган жазони енгиллаштиришни сўраган.
О.Ҳайитов раислигида жиноят ишлари бўйича вилоят кассация инстанцияси судлов ҳайъати ажрим чиқаришда вилоят хотин-қизлар қўмитасининг кафолат хати берилганлигини эътиборга олиб, ҳукмлар мажмуи бўйича узил-кесил жазо тайинлаб, ўталган жазо муддати билан чегараланишни лозим деб топди.
Яъни, Хосият тайинланган жазо муддатини ўтаб бўлган, деб ҳисобланди ва жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинди.
Отабек ҚОДИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг судья катта ёрдамчиси.