Самарқандлик эркакдан нега 50 минг АҚШ доллари талаб қилишган?

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция инстанциясида судланувчи Покизага (исмлар шартли) нисбатан бўлган жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, Покиза 2018 йил 6 октябрь куни қўл телефонидан Тошматга ўзининг кимлигини ошкор қилмаган ҳолда СМС хабар юборади. У хабарда таниши Наташа билан Тошматлар ўртасидаги ишқий муносабатлар ҳақида оила аъзоларига ошкор қилиб, Тошматни болаларини гаровга олиш, уйига ўт қўйиш билан қўрқитади. Охир-оқибат ушбу ишларни бажармаслик, яъни сирларини ошкор қилмаслик эвазига 50 000 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган.

Табиийки, бунча маблағ Тошматда йўқ эди. Шу боис у ялиниб-ёлвориб, 15 000 АҚШ долларига “келишади”.

Нуробод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида Покиза товламачилик йўли билан 50 000 АҚШ долларини, яъни жуда кўп миқдорда Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси - 411 350 000 сўм пулларни талаб қилиб, шундан 10 000 АҚШ долларини олгандан сўнг ўз яшаш уйида ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Нуробод туман суди судланувчига мазкур қасддан содир қилган жинояти учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Товламачилик кўп объектли жиноят ҳисобланади. Чунки унинг содир этилишида нафақат мулкчилик ҳуқуқига, бошқа шахсларнинг ашёвий ҳуқуқларига, балки ҳаётга, соғлиққа, шаънга, қадр-қимматга ва бошқаларга зарар етказиш хавфи ҳам мавжуд.

Апелляция судлов ҳайъати қонунчиликда белгиланган тамойиллар асосида Покизага тайинланган дастлабки инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

Судлар томонидан товламачиликнинг олдини олиш борасида жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлагандан кейин хусусий ажрим чиқариб, ҳуқуқ-тартибот идораларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан, жамоат бирлашмаларидан ёки мансабдор шахслардан ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш чоралари талаб қилинмоқда.

Покиза билан боғлиқ иш юзасидан ҳам шундай тартибга амал қилинди.

Т.ҚОДИРОВ,

жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси.