Самарқандлик олима карантин пайтида «Йилнинг энг яхши тадқиқот иши - 2020» халқаро танлови ғолиби бўлди
Гулмира Келдиёрова – Самарқанд давлат университетининг география ва экология факультети докторанти. Тиниб-тинчимас, изланувчан олима «Шифер ишлаб чиқариш корхоналаридаги чанг, газ тозалаш ускуналар иш самарадорлигини баҳолаш» мавзуида илмий изланишлар олиб бормоқда. Шу изланишлари учун олиб борган тадқиқот натижалари яқинда Россия Федерациясида ўтказилган «Йилнинг энг яхши тадқиқот иши - 2020» халқаро танловида техника фанлари йўналишида 1-ўринга сазовор бўлди.
- Танлов онлайн тарзда ташкил этилган бўлиб, унда дунёнинг кўплаб мамлакатларидан олимлар иштирок этганини кузатиб турдик, - дейди Гулмира. – Нуфузли танловда фахрли ўрин олганимни исботловчи дипломни электрон почтамга жўнатишганда тўғриси, жуда ҳаяжонландим. Чунки бир неча давлатлар олимлари иштирок этган танловда ўрин эгаллашдан тўғриси унчалик умид қилмагандим.
Ишимнинг мазмун-моҳиятига қисқача тўхталиб ўтсам: Бугунги кунда барча турдаги ишлаб чиқариш корхоналарида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи жараённи ўрганиш энг муҳим йўналишлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларни атмосферага чиқариш манбаларини хатловдан ўтказиш ва ташламаларнинг йўл қўйиладиган чекланган миқдори лойиҳаларини ишлаб чиқиш кенг йўлга қўйилган. Бундай ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши ҳудуднинг қанчалик даражада ифлосланишини аниқлаш ва уларнинг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Корхоналардаги ифлослантирувчи моддалар меъёр ҳолда ташланишига эришиш муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.
Шунинг учун мен Самарқанд вилоятидаги Ургут туманида жойлашган шифер ишлаб чиқариш корхонасида илмий изланишлар олиб бордим. Корхонадан ажралиб чиқадиган зарарли моддаларнинг атроф-муҳитга таъсири ва корхонада мавжуд чанг, газ тозалаш ускуналар иш самарадорлигини ўргандим.
Корхонадаги ушбу ускуналарнинг иш самарадорлигини ошириш мақсадида иккинчи босқичли чанг, газ тозалаш ускунасининг қўлланилишини жорий қилдим. Ускунанинг янги турини яратдик. Мазкур ускуна ҳам арзон ва самарали тозалаш имкониятига эга. Илмий изланишларим самараси ўлароқ мавжуд ускунанинг 71 фоиз иш самарадорлиги 97 фоизга оширилганлиги, натижада корхонадан ажралиб чиқадиган зарарли моддаларнинг атроф-муҳитга ва аҳоли саломатлигига таъсири камайтирилганлиги илмий асосланди.
Дарвоқе, Гулмира Келдиёрова география ва экология факультети докторанти бўлса-да, аммо у Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институтида таҳсил олган. Яъни, қурилиш корхоналари фаолияти бўйича фундаментал билимларга эга. Шунинг учун бу борадаги билимлари билан экология соҳасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Қолаверса, саноат корхоналаридан атмосферага чиқаётган зарарли моддаларга қарши курашиш ҳам унинг узоқ йиллик орзуларидан.
- Уйимизнинг орқа томонида бир нечта саноат корхоналари жойлашган бўлиб, улардан кўтарилаётган заҳарли тутунлар доим мени безовта қилиб келган, - дейди Гулмира. - Шунинг учун бу ишни тадқиқ этишга шижоат билан киришдим. Мақсадим, нафақат шифер ишлаб чиқарувчи, балки бошқа корхоналарда ҳам атмосферага зарарли ташламаларни чиқаришнинг камайишига эришишдир.
Дарвоқе, бу Гулмиранинг шу йил ҳисобидаги илк муваффақияти эмас. У шу йил бошида ўтказилган “Ўзбекистон аёлларининг 100 та энг яхши инновацион лойиҳаси” III Республика танловида ҳам “Энг самарали инновацион лойиҳа” номинацияси бўйича биринчи ўрин соҳибасига айланганди.
Гулруҳ МЎМИНОВА.