Самарқандлик тадбиркорлар ертўладан нима мақсадда фойдаланмоқда?

Одатда, кўпчилик музлаткичли омборни катта майдонда, ернинг юзасида алоҳида бино сифатида қуради. Аммо яқинда Самарқанд туманида кўрганимиз шу каби иншоот катта бинонинг ертўласида ташкил қилинган.

– Фаолият йўналишимиз – текстил маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат, – дейди Самарқанд туманидаги “MARJONA DIYOR TEKSTIL” масъулияти чекланган жамияти директори А.Ҳакимов. – Лекин корхона учун бино қураётганда ертўладан ҳам самарали фойдаланиб, музлаткичли омбор ташкил этишга қарор қилдик. Бу мақсад учун Халқ банкидан 450 минг доллар кредит олиб, хориждан энг сўнгги русумдаги ускуналарни келтириб ўрнатдик. Умумий сиғими 1140 тонна бўлган 11 та камерада ўтган йилдан бошлаб, маҳсулот жойлаштирдик. Ўзимиз 360 тонна узум ва сабзавот сақлаб хорижга 380 минг долларлик маҳсулот экспорт қилдик. Шунингдек, шартнома асосида бошқа фермер ва тадбиркорларнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаб бердик. Энди асосий фаолиятимизни ҳам йўлга қўйиб, жорий йилнинг сентябрь ойидан текстиль ишлаб чиқаришни бошлаймиз. Яқинда Хитойдан замонавий тикув дастгоҳлари келтирдик. Корхона ишга тушиши билан 150 нафар ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлади.