Самарқандликлар “Мароқанд обод” хизматидан розими?

Вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган анжуманда “Мароқанд Обод” давлат унитар корхонаси масъуллари корхона фаолияти ва қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш жараёнлари ҳақида маълумот берди.
“Мароқанд Обод” ДУК 2017 йилдан бошлаб Самарқандда фаолият кўрсатиб келмоқда. Бироқ ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларга қарамасдан соҳада айрим камчиликлар учраб турибди. Бугунги кунда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар учун қарздорлик 10 миллиард 751 миллион сўмни ташкил этмоқда. Жумладан, Шукрона, Тожмаҳал, Нурафшон, Қорасув, Мустақиллик, Чўпонота каби маҳаллаларда яшовчи аҳолининг 724 миллион сўмга яқин қарзи бўлса, Самарқанд тумани аҳолисининг 2 миллиард 883 миллион сўм қарздорлиги мавжуд.

Бугунги кунда, корхонамиз томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун қарздорликнинг 1 миллиард 086,6 миллион сўми хусусий корхоналар ҳисобига тўғри келмоқда, - дейди “Мароқанд Обод” ДУК директори Расул Тўлқинов. - Жумладан, “Дамариқ” деҳқон бозори 20,4 миллион сўм, Сиёб деҳқон бозори 28 миллион сўм, “Шаҳзода Мафтуна голд” хусусий корхонаси эса 13,1 миллион сўм миқдорида чиқиндидан бўлган қарзини тўламасдан келмоқда. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги 8847 та юридик шахслардан 83 та, Самарқанд туманида эса 3 мингта юридик шахслардан 368 таси билан ҳам ўзаро шартномалар тузилмаган.

“Боғишамол-Гарден” МЧЖ, “Мароқанд-Лед” корхонаси, “Боғбон” базмгоҳи, «Янги Шодиёна» савдо мажмуаси, Самарқанд трикотаж фабрикаси каби 20 га яқин хусусий корхоналари билан ҳам шартномалар ҳалигача тузилгани йўқ. Улар ўз ҳудудидаги маиший чиқиндиларни шаҳар кўчаларига ноқонуний чиқариб ташлашмоқда.
Шаҳардаги 83 та умумтаълим мактабнинг 2 тасида, шунингдек, Абу Али ибн Сино номидаги Сўғдиёна тиббий жамоатчилик техникумида, Самарқанд тумандаги 3 та умумтаълим мактабда чиқинди контейнерлари ўрнатилмаган.

Ўз навбатида айрим ҳудудларда чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаслиги кузатилмоқда. Матбуот анжуманида иштирокчилар худди шундай ҳолатларни кўрсатиб беришди ва мутасаддилардан ҳолатга изоҳ сўрашди.

Матбуот анжуманида Франция тараққиёт агентлиги иштирокидаги “Самарқанд шаҳрида қаттиқ маиший чиқиндилар бошқарувини модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш жараёнлари ҳақда маълумот берилди.

Анжуманда журналистлар “Мароқанд Обод” ДУКнинг очиқлик, жамоачилик билан алоқалар борасидаги ишларини савол остига олди. Айтилишича, журналистлар маълумот олиш мақсадида “Мароқанд Обод” ДУК идорасига борганида киритилмаган ва соатлаб кутиб ҳам ҳеч қандай маълумот олинмаган.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.