Самарқанднинг садоқатли фарзанди
Абдуваҳоб акани нафақат Самарқандда, балки республикамизда тажрибали савдо ходими, етук иқтисодчи, ташкилотчи раҳбар сифатида билишади. Енгил саноат соҳасидаги муаммоли, мунозарали масалаларда унинг фикрлари билан ҳисоблашишади.
Бу инсон билан ёнма-ён ишлаш, унинг иш услуби, тажрибасини ўрганиш жараёнида бунга кўп гувоҳ бўлганмиз, Абдуваҳоб ака камтарлик билан “Мен доим оддий одамлар орасида бўлишга, уларнинг фикрларини билишга ҳаракат қиламан, ўзимни маҳалла-кўйдан айри тасаввур қилолмайман”, дейди. Бу фикрлардан сўнг унинг ҳамма вақт раҳбарларнинг ҳам, қўл остидаги ишчи-ходимлар ва маҳалланинг ҳам ҳурмат-эътиборида эканлигининг моҳиятини англагандек бўламиз.
Абдуваҳоб ака фаолиятини матлубот жамияти сотувчилигидан бошлаган, ўзи айтганидек, оддий одамлар орасида ишлаган. Кейин 21 ёшида Самарқанд шаҳридаги йирик ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланган чинни заводида ишчи сифатида фаолиятини давом эттирган. Ана шу ерда у меҳнатда ҳам, раҳбарликда ҳам тобланган. Дунёга машҳур корхонада 29 йил ишлаб энг кичик вазифадан директор ўринбосарлигигача бўлган йўлни босиб ўтди. Ўзининг билими, меҳнатсеварлиги, янгиликка интилувчан ва ташаббускорлиги билан эътибор қозонди.
Ўтган асрнинг 90-йиллари охирида юртимиздаги бошқа саноат корхоналари қатори Самарқанддаги йирик завод, фабрикалар ҳам оғир аҳволга тушиб қолди. Иқтисодий инқироз, гоҳ хомашё етишмовчилиги, гоҳ тайёр маҳсулотга харидор топилмаслиги корхоналарнинг асосий муаммосига айланди. Тағин ишлаб чиқариш технологиялари эскириб, уларни янгилашга эҳтиёж ортиб борди.
Ўз маҳсулотлари билан собиқ иттифоқ республикаларида машҳур бўлган Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси ҳам шундай муаммолар гирдобида қолган эди. Ана шу вазиятда, 2000 йилда Абдуваҳоб Раҳимовнинг тажрибаси, ташкилотчилигига ишониб, ушбу корхона раҳбарлигига тайинлашди.
Иқтисодий инқироз ёқасига келиб қолган, ишлаб чиқариш кескин камайиб, ишчилар маоши ва иш ўринлари қисқариб бораётган корхона ишини юритиш қанчалик оғир бўлганлигини, қийин вазиятдан чиқиш учун Абдуваҳоб ака тун-у кун ишлаганини кўрганмиз. Аввало, фабрикага хомашё етказадиган хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлашга ҳаракат қилди. Бўш қолган цехларда вазиятдан келиб чиқиб, туз, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқлашни йўлга қўйди. Шу тарзда секин-аста корхона фаолияти изга туша бошлади, чет эллик шерикларда ҳам ишонч пайдо бўлди.
2005 йилда республика ҳукумати қарори билан чет эллик инвесторлар томонидан киритилган улушга мувофиқ Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси хорижий корхонага айлантирилди ва Абдуваҳоб ака ижрочи директор этиб тайинланди.
Шундан сўнг фабрика фаолиятида янги давр бошланди. Барча цех ва бўлимлар қайта таъмирланиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланди. Қадоқлаш сифати яхшиланди, янгича дизайн асосида қадоқланган ўрамалардаги чой маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Маҳсулот тури 8-10 мартага кўпайди. Натижада Самарқанд чойи яна бозорда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди. Бугун республикамизнинг деярли барча ҳудудларида корхона ўз савдо нуқталарига эга.
Айни пайтда “Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси” хорижий корхонаси республикамиздаги иқтисодий барқарор ишлаб чиқариш субъектларидан бири ҳисобланади. Бунда, шубҳасиз корхонани бугунги кун талаблари асосида, бозордаги талаб ва таклифни пухта ўрганган ҳолда бошқариб келаётган Абдуваҳоб Раҳимовнинг хизматлари катта. Шунинг учун ҳам у киши 2017 йилда давлатимизнинг юксак мукофоти “Дўстлик” ордени билан тақдирланганди.
Тажрибали ва камтарин раҳбар, ишчи-ходимларга отадек ғамхўр инсон Абдуваҳоб ака бугун 70 ёшни қарши олди. Устозимизни «Самарқанд чой қадоқлаш фабрикаси» ва «Асл нафис» корхоналари ишчи-ходимлари, фахрийлар ва дўсту шогирдлари номидан қутлуғ ёш билан табриклаб, жамоамиз ва ибратли оиласи бахтига ҳамиша соғ ва омон бўлишини, фарзанду набираларига бош бўлиб, уларнинг бахту роҳатини кўриб юришини тилаймиз.
Ботир МАҲМУДОВ,
Азиз ҲОЖИЕВ.