Самарқанднинг сархил узумлари Америка, Хитой, Туркия, Россия каби давлатларга экспорт қилиняпти

Аграр-деҳқончилик соҳасида ижобий тажриба орттирган, ўз ўрнига эга вилоятимизда ҳам узум маҳсулотларини экспорт қилиш борасида катта салоҳият ва имконият мавжуд. Экспортбоп узумларни етиштириш тобора ривожланмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг бугунги кунига қадар вилоятимиздан хорижга умумий қиймати 11 минг АҚШ доллари бўлган вазни қарийб 9 минг тонна узум маҳсулотлари экспорт қилинган.

Бунда жонбозлик кўрсатаётган экспортчи корхоналар фаоллигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Қувонарлиси шуки, ушбу ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари дунё бозорларида ўз маҳсулотлари билан ўрин эгалламоқда.

Масалан, Самарқанд туманидаги “Сам Рин Трейд” қўшма корхонаси 2020 йил ҳосилидан четга қиймати 1,1 млн. АҚШ доллари, вазни 655 тонна, Жомбой тумани “Тўлақўрғон мевалари” фермер хўжалиги қиймати 0,7 млн. АҚШ доллари, вазни 434,5 тонна ҳамда Каттақўрғон тумани “Қоқсой савдо баракаси” МЧЖ қиймати 0,5 млн. АҚШ доллари, вазни 289,2 тоннага тенг узум маҳсулотларини экспорт қилишган.

Бугун вилоятнинг 92 тага яқин корхоналари томонидан узум маҳсулотларини экспорт килиш йўлга қўйилган.

Экспорт қилинаётган узумлар кўламини давлатлар мисолида кўрадиган бўлсак, асосан қиймати 2,8 млн. АҚШ доллари, вазни 2 310,5 тоннага тенг Хитой, қиймати 2,2 млн. АҚШ доллари, вазни 1 381,8 тоннага тенг Туркия, қиймати 1,5 млн. АҚШ доллари, вазни 1 436,2 тоннага тенг  Россия, қиймати 1,0 млн. АҚШ доллари, вазни 1 283,0 тоннага тенг Қозоғистон ва қиймати        0,4 млн. АҚШ доллари, вазни 265, тоннага тенг Грузия давлатлари улушига тўғри келиб, бундан ташқари яна 27 давлатнинг савдо расталаридан ўрин олмоқда.

Ҳар бир корхонанинг экспорт операцияларини амалга ошириш жараёнларини қисқа вақт мобайнида божхона расмийлаштирувидан ўтказиш борасида божхона ходимлари томонидан 24 соат давомида яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.

Самароқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.