СамДЧТИ талабаси рашк туфайли турмуш ўртоғи томонидан пичоқлаб ўлдирилган

2020 йил 25 февраль куни Нарпай туманида яшовчи Д.Ў. Самарқанд шаҳар, Руҳобод боғи ҳудудида Самарқанд давлат чет тиллар институтида таҳсил олувчи турмуш ўртоғи У.Ў. билан оилавий келишмовчилик туфайли ўзаро жанжаллашиб, унинг “мен сиз билан яшамайман, ажрашаман, бошқа йигитни севаман”, деган сўзларидан ғазабланиб, рашк туфайли ёнида бўлган ошхона пичоғи билан У.Ў.нинг чап кўкрак қисмига бир маротаба қасддан урганлиги оқибатида у ҳодиса жойида вафот этган.

Вилоят прокуратураси матбуот хизматининг хабар беришича, РСТЭИАМ Самарқанд филиали томонидан тақдим этилган дастлабки маълумотномага кўра, марҳума У.Ў.нинг ўлими плевра бўшлиғига тешиб ўтувчи санчилган-кесилган ярасидан ўткир қон йўқотиши ва юрак жароҳатидан келиб чиққанлиги кўрсатилган.

Прокуратура ходимлари ва тергов-тезкор гуруҳ томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, қонга ўхшаш доғлари билан ифлосланган пичоқ ва жанжал вақтида уларни эгнида бўлган кийимлар ҳамда бошқа ашёвий далиллар олинган.

Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан 2020 йил 26 февралда Д.Ў.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши кўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гумонланувчи Д.Ў. ЖПКнинг 227-моддаси тартибида ушланиб, ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланган ҳолда яқин қариндошларига хабар берилган.

Жиноят ишининг тергови вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинди.