СамДУ Жанубий Кореянинг Юнгнам университети билан ҳамкорликни мустаҳкамлади

Шу йил январь ойида Самарқанд давлат университетининг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари бўлган делегация Жанубий Кореянинг Юнгнам университетида бўлиб, мазкур университетнинг тарих, маданий антрополигия ҳамда музейшунослик бўлимлари раҳбарлари билан учрашган эди.

Мулоқот давомида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, симпозиумлар ташкил этиш ва тажриба алмашишлар белгиланган эди.

Халқаро ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида яқинда СамДУга Юнгнам университетининг профессорлари Ким Жаэ Ёун ва Леэ Эун Жеонг бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Учрашув давомида СамДУ тарих факультети ва Юнгнам университети маданий антропология бўлими ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Расмий учрашувдан сўнг “Ўзбек ва корейс халқларининг маданий алмашинуви” ҳамда"Академик симпозиум ва ўзаро маданий алмашинув" номли тадбирлар ўтказилди. Анжуманда СамДУ ва Юнгнам университети олимлари икки давлат тарихчилиги бўйича қизиқарли маърузалари билан иштирок этди.

- Самарқандга илк бор келишим. Доим ушбу тарихий шаҳарда бўлишни орзу қилганман, - дейди Юнгнам университети музейшунослик бўлими директори, профессор Леэ Эун Жеонг. - Самарқанд ҳақиқатан ҳам очиқ осмон остидаги музей. Ўзининг тарихийлиги, маданияти билан алоҳида ажралиб туради. Айниқса, Регистон мажмуасини синчиклаб кўрмасликнинг иложи йўқ. Ҳар бир нақшлари, бурчаги дид билан ишланган. Бинолари ҳашаматли ва жозибадор.

- Самарқанд давлат университети фаолияти билан танишиш менга завқ бағишлади, - дейди Юнгнам университети профессори Ким Даэ Воок. - Университетнинг 600 йиллик тарихга эгалиги мени қувонтирди. СамДУдаги археология ва Самарқанддаги «Афросиёб» музейлари менда катта таассурот қолдирди. Самарқанд давлат университетида кореялик профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчиларнинг фаолият кўрсатиши таҳсинга сазовор. "Афросиёб" музейида қадимий Корея элчиларининг деворий тасвирларини кўриб, халқларимиз қадимдан алоқалар ўрнатганлигига яна бир бор гувоҳ бўлдим. Ўзим учун янги тарихни кашф қилдим. 

Самарқанд давлат университети

ахборот хизмати,

***

Шавкат Акрамов олган суратлар.