СамДУ зиёлилари талабалик ва магистрлик гувоҳномаларини Улуғбек мадрасасида тантанали топширишни таклиф этяпти

Юртимизда сақланиб қолган “олий мадраса” мақомида фаолият юритган даргоҳларнинг энг улуғларидан бири 1420 йилда темурийзода Мирзо Муҳаммад ибн Шоҳруҳ ибн Темур Улуғбек Кўрагоний (1394-1449) томонидан асос солинган Мирзо Улуғбек мадрасасидир. Самарқанд ўз даврининг буюк астрономи ва математиги, давлат арбоби бўлган Улуғбек (Муҳаммад Тарағай)  даврида илм-фан марказига айланди. Дунёнинг турли бурчакларидан бу масканга илм олиш мақсадида келган юзлаб талабалар бу даргоҳда олимлик мақомига эришганлар. Мадрасада диний илмлар қатори астрономия, математика каби дунёвий илмлар ўқитилар, даврнинг Қозизода Румий, Мирзо Улуғ¬бек, Ғиёсиддин Жамшид Коший, Аловуддин Али Қушчи каби олимлари талабаларга сабоқ берганлар.

Мадраса икки қаватли бўлиб, кўплаб ҳужралар, иншоотнинг тўрт бурчагида қурилган катта дарсхоналар, ёз ойларида дарс ўтишга мўлжалланган айвонлардан иборат бўлиб, таҳсил олувчи талабаларнинг яшаши ва ўқиши учун шароитлар яратиб берилган. Таълимда диний ва дунёвий билимларнинг уйғунлиги, машҳур олимларнинг бу даргоҳда фаолият олиб борганлиги боис  мадраса нафақат шарқда, балки бутун дунёда Улуғбек академияси номи билан шуҳрат топди. Бу академияда шаклланган астрономия мактаби, Мирзо Улуғбек томонидан яратилган “Зижи Кўрагоний”  асари ва у бошчилигида қурилган  расадхонада олиб борилган тадқиқотлар кейинчалик дунёнинг бошқа давлатларида мазкур соҳа ривожи учун асосий манба бўлди. Айниқса, сиёсий вазият анча қалтис бўлган аштархонийлар даврида Самарқанд ҳокими бўлган Ялангтўш Баҳодир  (1576-1656) томонидан 1619-1636 йилларда Шердор ва 1646-1660 йилларда Тиллакори мадрасаларининг қурилиши, таъмирлаш ишларининг олиб борилиши ҳамда илм аҳлига бўлган эътиборнинг кучайиши Самарқандда илм-фаннинг гуллаб-яшнашига замин яратди.

Самарқанд асрлар давомида кўплаб қирғинбарот жангларнинг гувоҳи бўлди, лекин ҳар қандай шароитда ҳам Улуғбек асос солган академия илм-фан бешиги, олиму фузалолар маскани бўлиб қолаверди. 1927 йилдан бошлаб Самарқанд давлат университети номи билан ўз фаолиятини давом эттираётган ушбу маскан ҳар йили минглаб кадрларни етиштириб бермоқда.

Яқинда оммавий ахборот воситаларида Самарқанд давлат университети ректори профессор Рустам Холмуродовнинг “Самарқанд университети қачон ташкил топган?”  номли мақоласининг эълон қилиниши университет 1420 йилда Мирзо Улуғбек томонидан қурилган мадрасасининг бевосита вориси эканлиги тўғрисида илм аҳлининг кўнглидаги гап бўлди. Жамоатчилик бу мақолага ўз фикрини билдирди: мазкур мавзу бўйича турли касб эгалари томонидан муносабат билдирилди, кўплаб мақолалар эълон қилинди. Қисқа қилиб айтганда, мавзунинг тўғрилиги ва долзарблиги халқ томонидан эътироф этилди.

Шундай экан, энди амалий ишга ўтиш вақти етиб келди. Бунинг учун назаримизда қуйидаги ишларни амалга оширишимиз лозим:

  1. Тарих, астрономия, филология соҳасида Улуғбек даври ва ундан кейинги асрларда қилинган ишларга оид маълумотлар тўплаш ва бир тизимга келтириш ҳамда бунинг учун соҳалар бўйича мутасаддилар белгилаш лозим. Тўпланган материалларни “Улуғбек академияси ворислари” рукни остида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб бориш, радио ва телевидениеда махсус давра суҳбатлари уюштириш;
  2. Барча тўпланган материаллар асосида бошқа олий ўқув юртларини ҳам жалб қилган ҳолда халқаро конференция ташкил қилиш ва уни ҳар йили Мирзо Улуғбек таваллуди нишонланадиган кунда ўтказишни анъанага айлантириш ва натижаларни акс эттирувчи журнал ташкил этиш. Айнан шу кунда фанлар кесимида бу соҳада эришилган янгиликларни акс эттирувчи расмлар кўргазмасини ташкил этиш;
  3. Бугунги кунда университет ва Улуғбек академияси ўртасида боғлиқликни кўрсатиш учун университетнинг астрономия кафедраси ва Регистондаги Улуғбек мадрасаси, Улуғбек расадхонаси билан алоқани таъминлаш лозим. Бунинг учун айрим амалий, далада ўтказиладиган дарсларни айнан ўша жойларда ўтказиш ва буни мунтазам ташкил этиш керак.
  4. Жуда нуфузли халқаро конференцияларнинг очилиш маросимини Улуғбек мадрасаси майдонида ўтказиш керак. Бу хорижликларда университет ва Улуғбек мадрасаси ўртасида боғликлик давом этаётганига  ишонч ва эътироф уйғотади.
  5. Университетнинг биринчи курс талабаларига талабалик гувоҳномаси, магистрларга магистрлик гувоҳномасини Улуғбек мадрасасида тантанали топшириш ва бу анъанага айланиши лозим.
  6. Сентябрь ойининг маънавият соатларида университет бўйича биринчи курс талабаларини Улуғбек мадрасаси билан таништириш, ўртадаги боғлиқликни уларга тушунтириш керак.
  7. “Университет” хиёбонидаги физика факультетига кириш эшиги ёнида чархпалак шаклида планеталар жойлашуви ва юлдузларни кузатиш асбоби ўрнатилиб, мармар тошга “Улуғбек академияси” ёзуви ўрнатилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Самарқанд туризм шаҳри бўлгани боис ҳар куни шаҳримизга минглаб сайёҳлар ташриф буюради. Юқорида билдирган таклифларимиз инобатга олинса, юртдошларимиз ва меҳмонларнинг юртимиз тарихи, Самарқанд давлат университетининг дастлабки шаклланиши жараёни Мирзо Улуғбек асос солган академияга бориб тақалиши тўғрисидаги билимларини оширишга хизмат қилиши табиий. Зеро, асл ўтмишимиз, аждодларимиз билан фахрланишга ҳақлимиз.

Толиб ЖЎРАЕВ, СамДУ доценти.

Миржалол БОБОТОЕВ, СамДУ филология факультети ёшлар билан ишлаш бўйича  декан муовини.