Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

СамДУда Исҳоқхон Тўра Ибратнинг 160 йиллигига бағишланган илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди

Самарқанд давлат университетида миллий уйғониш даврининг фаол ижодкорларидан бири, серқирра истеъдод соҳиби, шоир, педагог, тилшунос, тарихшунос олим, сайёҳ, хаттот ва рассом Исҳоқхон Тўра Ибратнинг 160 йиллигига бағишланган “Ўзбек маърифатпарварларининг ёрқин юлдузи” мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Анжуман Республика Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд вилоят ва шаҳар бўлимлари, олий ва ўрта таълим вазирлиги, университетнинг филология факультети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Исҳоқхон Тўра Ибратнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.

- Исҳоқхон Ибрат 1862 йилда зиёли оилада Қўқонда туғилган, - деди  филология фанлари доктори, доцент Маҳфуза Давронова. – Унинг онаси уйида мактаб очиб, қизларга ўқиш-ёзишни ўргатган. Исҳоқхон Ибратнинг 6 тилни мукаммал билиши, олим бўлиб етишида онасининг таълим-тарбияси катта роль ўйнаган. У улғайгач, болалар учун мактаблар очган, халқимизни илмли-маърифатли бўлишга чорлаган. Наманганда илк босмахонга очишга эришган. Шунингдек, бир қанча илмий-маърифий асарлар ёзган. Бироқ, Исҳоқнинг “Фарғона тарихи” асари ва “Девон”и бизгача етиб келмаган.

Илмий анжуманда Исҳоқхон Тўра Ибратнинг асарлари мазмун-моҳиятига ҳам тўхталди.

- Унинг “Мезони замон” асарида инсонларни бахтли яшаши учун тўққизта мезонга амал қилиши ҳақида гап кетади, - деди филология факультети доценти, филология фанлари доктори Назмия Муҳиддинова. – Асарда тилга олинган мезонларнинг барчаси инсон ҳаёти давомида Қуръон ва ҳадисга амал қилмоқлиги уқтирилган.

Тадбирда Исҳоқхон Тўра Ибрат тақдир ҳукми билан Истанбул, София, Макка шаҳарларида бўлгани, араб, форс, урду, инглиз тилларини мукаммал ўргангани ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Шунингдек, у 1937 йилда қатағон қурбонлари сафида қамоқхонада вафот этган. Ҳукуматимиз томонидан қатағон қурбонларининг номлари оқланди, энди улар қолдирган маънавий-маърифий меросни ўрганиш бурчимиздир.

Анжуман сўнгида университетнинг “Шалола” тўгараги аъзолари адибнинг шеърларидан ёд ўқиди.