Сарбадор Аднан Мандарас
Истамбулда анча вақтдан бери ният қилиб юрган бир зиёратимни амалга оширдим. Туркия Бош вазири бўлган Аднан Мандарас қабрини зиёрат қилдим. Бугун Аднан Мандарас ҳақида суҳбатлашамиз.
Аввалига ҳикоя
Бу ҳикоя ижтимоий тармоқларда тарқалган эди. Мен ҳам ўз саҳифамда эълон қилганман.
Ўтган асрнинг ўртасида Туркия Бош вазири лавозимини эгаллаган Аднан Мандарас 1952 йилда НАТО йиғилишида иштирок этиш учун Францияга сафар қилади. Парижга етиб келгач, Мандарас Туркиянинг шу ердаги элчисини чақириб, сўради:
– Юртимиз ва мусулмонларнинг сўнгги халифаси султон Абдулҳамид Сонийнинг оиласи Парижга сургун қилинган деб эшитгандим. Ғайри юртда улар қандай кун кечирмоқда, нима билан машғул?
– Мени авф этинг, султон оиласининг тақдиридан бехабарман, – деди элчи.
Бу жавобдан жунбушга келган Аднан Мандарас элчига буюрди:
– Сенга 24 соат муҳлат! Ё султон оиласининг манзилини топиб келасан ёки истеъфо ҳақидаги аризанг билан келасан!
Бироз вақт ўтгач, элчи султон Абдулҳамид оиласининг Париждаги истиқомат қилаётган манзилини топиб келди. Шу заҳоти Аднан Мандарас шу манзилга йўл олди.
Султон оиласи истиқомат қилаётган уйга келгач, Аднан Мандарас султоннинг оила аъзолари ишда эканликларидан хабар топди ва уларнинг иш жойига борди. Ватанидаги сўнгги султоннинг оила аъзоларини излаб, Бош вазир Париж чеккасидаги бир кафе булашиқхонаси (идиш-товоқ ювиш хонаси)га келиб қолади ва жуда изтиробли бир манзаранинг гувоҳи бўлади: сўнгги халифа султон Абдулҳамиднинг оила аъзолари – 80 ёшли рафиқаси Шафиқа хоним, 60 ёшидаги қизи Ойша хоним ва султон оиласининг бошқа аъзолари – французларнинг идиш-товоқларини ювардилар. Кўзёшлардан ўзини тута олмаган Аднан Мандарас Мушфиқа хонимнинг қўлларини ўпиб, фарёд урди:
– Онам, мени кечиринг, олдингизга кеч келдим!
– Сиз кимсиз? – деди Ойша хоним Францияга сургун қилинганига ўттиз йил бўлганида ташриф буюрган ватандошига қарата.
– Мен Туркия Бош вазириман, – деди Аднан Мандарас.
Ана шунда Усмонли хонимлари ҳам йиғлаб юборишди.
Аднан Мандарас Туркияга қайтган заҳоти мамлакатнинг ўша пайтдаги Президенти Жалол Байарга мурожаат қилди:
– Мен Парижда Усмонли оиласининг хонимлари французларнинг идиш-товоқларини юваётганига гувоҳ бўлдим. Ғайридинлар султонимиз хонимларини камситиш учун шундай ишга қўйганига шубҳам йўқ. Бу ҳол мусулмон ва турк учун исноддир. Шу сабабдан мен уларни авф қилиб, Туркияга қайтариш ҳақида қарор чиқармоқчиман!
– Аднан бей, жим! Бу ҳақда бошқа оғиз оча кўрманг! Бу гапингиз камолист газетачилар ёки анави ҳарбийларнинг қулоғига чалинса, улар ғала-ғовур кўтариб, ҳарбий тўнтариш уюштириб, сиз билан мени қатл қилишади, – деди Президент.
Шунда Аднан Мандарас чўнтагидан бир қоғоз чиқарди ва Президентга узатди. Бу қоғоз Бош вазирнинг истеъфо сўраб ёзган аризаси эди.
– Бу истеъфонинг сабаби нима? – сўради Президент.
Бу саволга жавобан Аднан Мандарас тарих китобларига зарҳал ҳарфлар билан ёзилган мана бу сўзларни айтди:
– Ғайри юртларда ғайридинларнинг кирини ювишдек паст ишларда хор бўлиб юрган оналари ва оталари, болалари ва қизлари бор юртга раҳбар бўлишдан ор қиламан!
Сўнгги халифа Абдулҳамиднинг оила аъзоларини авф қилиб, Туркияга қайтариш масаласи мамлакат парламентида кўриб чиқилди ва ижобий ҳал қилинди. Бош вазир Аднан Мандарас Усмонли хонимлари Туркияга қайтганидан кейин ҳам уларнинг ҳолидан доим хабар олиб турди. Аммо...
1950-1960 йилларда Туркия Бош вазири бўлиб ишлаган Али Аднан Эртекин Мандарас 1960 йилнинг 28 майида генерал Жамол Гурсал бошчилигида уюштирилган ҳарбий-давлат тўнтариши натижасида ўз лавозимидан озод қилинган ва ҳарбийлар томонидан тайинланган суд ҳукми билан 1961 йил 17 сентярь куни Имроли oрoлида қатл қилинган...
Энди Мандарас ҳақида
Аднан Мандарас 1899 йили қрим татар оиласида туғилган. Ҳуқуқшунослик бўйича таҳсил олган. Мустафо Камол Отатурк тарафдорларининг Жумҳурият Халқ партияси (ЖҲП) аъзоси бўлган, аммо 1945 йили партия сафидан ҳайдалган. ЖҲПга мухолиф бўлган Туркия Демократик партиясига асос солган ва ушбу партия билан 1950, 1954 ва 1957 йиллардаги парламент сайловларида ғалаба қозонган.
Бу инсон Туркияга арабча азонни қайтарган. Тақиқлаб қўйилган Ҳажга боришни тиклаган. Мадрасаларда диний дарсларни йўлга қўйган. Аёллар либосига давлат аралашувини бекор қилган ва кўпдан-кўп улуғ ишлар қилган давлат раҳбари.
У жумҳуриятда ўн мингта масжид, йигирма беш мингта Қуръондан таълим берадиган мадраса, Анадўлида воиз, хатиб ва диний устозлар етказиб берадиган йигирма иккита олийгоҳ очди. Исломни маҳкам тутиш ва унда юришга даъват қиладиган журнал ва китоблар нашр қилинишига рухсат берди. Олдинги ҳукумат омборхона ва ғаллахона қилиб қўйган масжидларни бўшатиб, яна ибодат маконларига айлантирди. Исроилга қарши ўлароқ араблар билан алоқаларини яхшилади. Исроилда ишлаб чиқарилган маҳсулот ва дори-дармонларга қаттиқ назорат ўрнатди. 1956 йилда Исроил элчисини мамлакатдан чиқариб юборди.
Албатта, унинг бу ишлари дунёни “бошқариб турадиган” яҳудийларнинг оромини бузди. Улар бор имкониятларини ишга солиб, уни орадан кўтариш йўлларини излашди. Ниҳоят Ислом душманлари 1960 йилда худосиз генерал Жамол Гурсал бошчилигида ҳарбий инқилоб қилишга муяссар бўлишди. Уларнинг хоҳиши билан Аднан Мандарас ва у билан ҳамфикр бир неча кишини дорга осишди.
Журналист Сами Каҳан айтади: “Мандарасни дор остига олиб борган асосий сабаб ислом олами билан яқинлашиш сиёсати ҳамда даражама-даража Исроил билан алоқани узгани бўлди”.
Ҳақиқатда эса Мандарасни Туркияга исломни қайтаргани учун қатл қилишди.
Аллоҳ Аднан Мандарасни Ўз раҳматига олган бўлсин!
Ноёб фактлар
1. Аднан Мандарасни дор остига олиб келишар экан, у уч марта ҳушидан кетган.
Бу қўрқувдан эмас эди, бу илоҳий бир ишора эди. Бекорга бундай бўлмаган эди. Аднан Мандарасни ҳар сафар ҳушига келтириш учун камида чорак соат вақт сарфлашган.
Қизиғи, бу вақт ичида худосиз бўлса-да, халқ нафратидан қўрққан Гурсал уни қатл қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилган. Янги қарор оролга етиб ҳам келган. Аммо яҳудийларга сотилган жаллодлар чопарни ҳам ўлдириб, “Чопар етиб келмади, биз қатл бекор қилингани билмай қолдик”, деб важ кўрсатишган.
2. 1989-1993 йилларда Туркия Президенти бўлган Турғут Уззол Аднан Мандарас ва у билан бирга қатл этилган ташқи ишлар вазири Фатин Рушду Зорли ва молия вазири Ҳасан Пўлатхонларнинг жасадларини Истамбулга олиб келиб, Тўпқапи тепалигида қайта дафн қилдирди ва уларнинг мартабасига муносиб, тенгсиз бир мақбара қурдирди.
3. Турғут Уззол ўз қабри ҳам Аднан Мандарас мақбарасига яқин бўлишини васият қилди ва бу васият бажарилди. Бугун Туркиянинг икки буюк фарзанди шарафига қад кўтарган мақбаралар ёнма-ён турибди. Худди Туркияни тутиб турган икки устунлардек!
4. Андан Бейнинг ёруғ дунёдаги сўнгги сўзлари мана бу сўзлар бўлган:
– Ла илаҳа иллалоҳу Муҳаммадур росулуллоҳ!
5. Мушфиқа Хотин афандининг асли исми Ойша бўлиб, у черкаслардан бўлган. Никоҳ кечаси Султон Абдулҳамид унга никоҳ совғаси сифатида Қуръоннинг ноёб нусхасини ҳадя қилган ва ўша Қуръонни очиб, қўлини қўйган жойида чиққан исм Мушфиқа исмини аёлига берган.
6. Мушфиқа хоним ҳақиқатдан мушфиқа, яъни шафқатли аёл бўлган ва Султон Абдулҳамид сургун қилинганида ҳам эри билан кетиб, саргардонликнинг бор азобини бирга тортган. Султон билан бирга ҳамнафас бўлган ва Султон жонини ҳам Ҳаққа Мушфиқа хонимнинг бағрида топширган. Мушфиқа хоним ўша ноёб Қуръонни ҳам эрининг мақбарасини тиклаш хайрия фондига берган.
7. Ҳамма ўзига фамилия олиши шарт қилинганида Мушфиқа хоним 1934 йилда ўзига Қайисой фамилиясини олган. Эри Султон Абдулҳамиднинг ҚАЙ уруғидан бўлганини эҳтиром қилиб! Қизига Ойша исмини Султоннинг ўзи танлаган. Ойша 28 йил Парижда яшаган. Уларни юқорида ёзганимдек, Аднан Мандарас 1952 йилда Париждан Истамбулга кўчириб келтирган. Фамилия олиши шарт бўлганда Усмон Ғозий ҳурматига Усмонўғлу фамилиясини олган. Ойша Усмонўғлу 1960 йилда, Мушфиқа Қайисой 1961 йилда Истамбулда вафот этган ва Яҳё афанди қабристонида, империя мақбарасида она ва унинг ёлғиз фарзанди ёнма-ён дафн қилинган. Ойша хонимнинг “Менинг отам Султон Абдулҳамид” номли мемуари чоп қилинган...
Энг даҳшатли факт
1958 йилнинг 17 февралида Кипр масаласида келишувни имзолаш мақсадида давлат делегацияси ҳам учган Turkish Airlines авиакомпаниясининг Vickers Viscount 793 самолёти Лондоннинг Гетвик аэропортига қўниш чоғида ҳалокатга учради. Авиаҳалокатда омон қолган беш йўловчидан бири бўлган Аднан Мандарас ақалли жароҳат олмади.
Унинг соғ-омон қайтиб келган куни миллат байрам қилиб, уни кутиб олди. Аднан Мандараснинг тансоқчиси Бекче Теконинг садоқати ва жўмардлиги ҳаммани қойил қолдирди: Бекчи Теко ўз ўғлини Аднан Мандараснинг оёқлари остига ётқизиб, Бош вазирнинг ҳалокатдан омон қолгани учун уни қурбонлик қилмоқчи бўлди ва ханжарини ўғлининг томоғига қадади!
Ана садоқат! Ана фидойилик!
Албатта, Аднан Мандарас уни бу ишдан қайтарди ва садоқати учун уни сийлади.
Орадан икки йил ўтди. Туркияда коммунист ҳарбийлар давлат тўнтариши қилди ва Аднан Мандарасни осиб ўлдиришга ҳукм қилишди.
Аднан Мандарас Туркия халқи учун жуда катта хизмат қилган буюк инсон бўлганидан уни қатл қилиш чоғида бўйнига сиртмоқни соладиган одам топилмади. Ҳатто ҳарбий қўмондон буйруқ берган кичик унвонли ҳарбийлар ҳам бу қаттол ишга журъат қилолмади.
Ана шунда бир мард инсон ўртага чиқди ва ҳеч иккиланмасдан Аднан Мандараснинг кўзларига тик боқиб, унинг бошига сиртмоқни солди. Бу ўша, икки йил олдин Аднан Мандараснинг оёқлари остига ўз ўғлини сўйиб, уни Мандарас учун қурбонлик қилишга тайёр турган Бекчи Теко эди!
Ана хиёнат! Ана пасткашлик!
Аслида Бекчи Теконинг қилган иши ҳар сафар ҳам садоқатнинг олий намунаси эди! Ҳар сафар ҳам амалда бўлган давлат раҳбарига садоқат эди!
Унутманг: сизга жонини фидо қилишга тайёр турганлар бир куни оёғингиз тойганида жонингизни тап тортмай олишлари мумкин!
Ҳадис: Бировни қаттиқ севманг, бир куни душманга айланиши мумкин!
Озгина Имроли ороли ҳақида
Эрамиздан аввал ҳам Мармар денгизида мажуд бўлган, Истамбулдан 65 чақирим нарида, Бурсага, ундан ҳам кўра, Сулаймонияга яқинроқ бўлган бу оролда қадимдан греклар яшаган ва балиқчилик, виночилик билан шуғулланиб келишган. Майдони 20 квадрат километрча келадиган (бўйи 8 километр, эни 3 километр) оролни греклар Весвикос (орол) ва Калолимниос (яхши орол) деб атаб келишган.
1308 йилда Амир Али бошлиқ усмоний қароқчилар оролни босиб оладилар ва ҳозирги номи ана шу қароқчининг исмидан олинган. (Амир Али – Имроли.)
ХХ асргача оролда 3 та грекларнинг қишлоғи бор эди. Отатурк ҳокимиятни эгаллагач, грекларни аввал Бурсага, кейин Грецияга қувиб юборди.
Советларнинг ГУЛАГ архипелагига ўхшаб, Туркия коммунистлари ҳам 1922 йилдан бошлаб Имроли оролини сиёсий маҳбусларни сургун қиладиган ва қатл қиладиган жойга айлантириб олишган.
Ҳозир бу орол яхлит турмахона мақомида. У ёпиқ ҳудуд саналади ва кемалар унинг яқинидан ҳам сузиб ўтолмайди. Орол-турма энг замонавий қуроллар, ракеталар, сувости кемалари билан жиҳозланган. 1000 та аскар бугун у ерда Курд ишчи партияси раҳбари Абдулла Ўжалон ва унинг партиядошлари бўлган сиёсий маҳбусларни қўриқлаб туришибди.
Сўнгсўз ўрнида
Туркияга борсангиз, албатта, Истамбулга боринг.
Истамбулга борсангиз, албатта, Тўпқапига ҳам борасиз.
Тўпқапига борсангиз осмонга найзадек қадалган бир мақбара бор. У ерга ҳам, албатта, боринг! Бу мақбарада хоки ётган Туркиянинг буюк фарзанди, суюкли ўғлони, Ислом учун бошини дорга тутган Али Аднан Эртекин Мандарас биродаримизни зиёрат қилинг! Унинг руҳи покига атаб, уч оят бўлса ҳам Қуръон ўқинг!
Аллоҳ бизни жаннатда ана шундай буюк инсонлар билан кўриштирсин!
Каримберди Тўрамурод,
Истамбулдан zarnews.uz сайти учун махсус.